Самарқандлик тадбиркорга қонун доирасида ёрдам кўрсатилади
2020 йил 24 февраль куни Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшовчи тадбиркор Гавҳар Алиева Халқ банки бошқаруви раиси билан учраша олмаётгани ҳақида видеомурожаат йўллаб, иддао қилган.
Халқ банки матбуот хизмати берган хабарга кўра, бу ҳолат умуман ҳақиқатга мос келмайди. Чунки ушбу тадбиркор бу кунгача Халқ банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, тегишли департаментлар директорлари билан бир неча маротаба учрашган, ҳужжатларида камчилик бўлгани учун кредит ажратилмаётгани тушунтирилган.
Шундан сўнг фуқаро ўзининг ноқонуний талабини Халқ банки бошқаруви раиси орқали ҳал қилмоқчи бўлган. Шунинг учун бошқарув раиси қабулига киришга уринган. Мммо иш графиги тиғиз бўлгани учун Фарҳод Саломов айнан тадбиркор келган пайтда вақт ажратолмаган.
Лекин Халқ банки бошқаруви раиси Фарҳод Саломов дам олиш куни бўлишига қарамай, тадбиркор учун вақт топиб, 2020 йил 22 февраль (шанба) куни Г.Алиева билан учрашган, унинг муаммосини тинглаган ва қонун доирасида ёрдам берилишини маълум қилган.
Халқ банки бошқаруви раиси тадбиркор билан учрашуви чоғида кредит олиш учун ҳужжатлари етарли эмаслигини, зарурий барча ҳужжатларни тақдим этиб, ариза берса, ўрнатилган тартибда кредит ажратилишини билдирган.
Шуни маълум қиламизки, Халқ банки тадбиркорларнинг энг яқин ҳамкори бўлиб, уларнинг бизнеси ривожланишини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.