СамДЧТИнинг ётоқхонаси дастурга киритилса-да, нега таъмирланмаяпти?
Ижтимоий тармоқ фойдалувчиларининг шу мазмундаги саволига вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси мутасаддилари қуйидагича жавоб берди:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 январдаги “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Самарқанд шаҳри Гагарин кўчаси, 43-уй манзилда жойлашган 200 ўринли 2-талабалар турар жойи биносини реконструкция қилиш белгиланган.
Ушбу объектда олиб бориладиган қурилиш-таъмирлаш ишлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буюртмачилиги асосида олиб борилиши кўзда тутилган.
Қарорга асосан Самарқанд давлат чет тиллар институтининг қайд этилган талабалар турар жойи учун республика бюджетидан 8 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Жорий йил сентябрь ойига қадар якунланиши кўзда тутилган ушбу қурилиш-таъмирлаш ишлари пандемия туфайли кечиктирилган, аниқроғи 2021 йилга кўчирилган. Бунга Вазирлар Маҳкамасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларини мақбуллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори асос бўлган.
Такидлаш лозим, ушбу объектда белгиланган ишларни ташкил этиш ва назорат қилиш вилоят ҳокимлиги ёки унга бўйсунувчи ташкилотлар ваколатига кирмайди.