Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

СамДУда Нобель мукофоти соҳиби иштирокида мия саратонини даволашга бағишланган анжуман бўлиб ўтди

Самарқанд давлат университетида кимёгар олим, Нобел мукофоти соҳиби Азиз Санжарнинг “Мия саратонини даволашнинг инновацион усуллари” мавзусига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Профессор Азиз Санжар саратон туфайли зарар кўрган DNKни тузатиш, саратон касаллигини даволаш ва биологик соат бўйича ўз тадқиқотлари натижасида 415 та илмий мақола ва 33 та китоб нашр этган. Олим саратон касаллигини даволаш мақсадида олиб борган тадқиқотлари натижасида турли илмий мукофотларга сазовор бўлган.

Азиз Санжар DNKни тиклаш билан боғлиқ бўлган тадқиқотлари учун америкалик Пол Модрич ва швед Томас Линдаҳл билан биргаликда кимё фанлари бўйича 2015 йилги Нобель мукофотини олди. Бу уч тадқиқотчи 30 йил давомида бир-биридан мустақил ишлаб, DNKни тиклаш механизмларининг биокимёвий жиҳатларини кашф этган.

Учрашувда олим университет профессор-ўқитувчилари ва талабаларга мия саратонини даволаш устида олиб борган илмий тадқиқотлари ҳақида сўзлаб берди. Мия саратонини олдиндан аниқлаш, зарарланган ҳужайраларни топиш ва даволаш муолажаларини олиб боришнинг инновацион усулларини слайдлар орқали тушунтирди.

Шундан сўнг университет ректори Рустам Холмуродов олий таълим муассасасида Азиз Санжар номидаги стипендия таъсис этилганини эълон қилди. Ушбу стипендияга сазовор бўлган кимё факультети магистранти Шуҳрат Ғайбуллаев ва кимё факультети 3-курс талабаси Комила Бебитовага олимнинг ўзи гувоҳнома ва медаллар топширди.

Учрашувда Туркиянинг TUBITAK фонди президенти Ҳасан Мандал қатнашиб, фонд томонидан ўзбекистонлик талабаларга бериладиган имкониятлар ҳақида маълумот берди.

Тадбир сўнггида Нобель мукофоти соҳиби Азиз Санжарга дўппи, тўн ва Самарқанд давлат университетининг эсдалик медаллари топширилди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.