Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

СамВМИ дунёнинг тўқсонга яқин етакчи, топ-1000 таликдан жой олган нуфузли ОТМлари билан илмий ҳамкорликни йўлга қўйган

Атрофимизда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни кузата туриб, Ўзбекистон илм-фан мамлакатига айланмоқда, дейиш мумкин. Янгиланаётган, улкан ислоҳотлар амалга оширилаётган юртимизда таълимга ва илм-фан ривожи, олимларнинг меҳнатига катта умид билдирилаётгани ва уларнинг фаолияти эътироф этилаётгани шундан далолатдир.

Бундан 3 йил муқаддам, Самарқанд ветеринария медицинаси институти ташкил этилган пайтда Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан соҳа мутасаддиларига бир қанча талаблар қўйилганди. Мамлакатимиз учун нисбатан янги бўлган олий таълим маскани замонавий рақобатбардош мутахассис кадрлар тайёрлашга масъул ва бу соҳада йирик илмий тадқиқотларни амалга ошириши керак эди.

3 йил тарих учун катта муддат эмас, лекин институт жамоаси, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, талаба-ёшлар бу даврда самарали меҳнат қилиб, айрим ютуқларни қўлга киритди.

Шу даврга қадар республикамизда ветеринария ва чорвачилик соҳасига ихтисослашган алоҳида олий ўқув юрти бўлмаган, тарихий зарурат, талаб ва эҳтиёж сабаб, Марказий Осиёда ягона бўлган олий таълим муассасаси ташкил этилди ва қисқа муддат ичида унинг илмий салоҳияти 36 фоизга етди.

Институт бугун дунёнинг тўқсонга яқин етакчи, топ-1000 таликдан жой олган  нуфузли олий таълим муассасалари билан илмий ҳамкорликни йўлга қўйган. Улар бизнинг яхши томонларимизни ўрганмоқда ва биз уларнинг илғор тажрибаларини амалиётга жорий этяпмиз. Ҳамкорликда бир нечта қўшма факультетлар ташкил этилди.

Институт қошида академик лицей, бир нечта техникум, шунингдек, институтнинг Нукус ва Тошкент филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Муҳими, мамлакатимиз иқтисодиёти, ветеринария ва чорвачилик соҳаси учун керакли, рақобатбардош ва замонавий билимларни эгаллаган мутахассислар тайёрлашга интиляпмиз. 

Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида менга берилган “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган  чорвадор” унвони, Президентимизнинг эътибори ва эътирофи зиммамизга катта масъулият юклайди. Бу масъулият бизни янада улуғ ишларга  илҳомлантиради. Ушбу мукофот жамоамизнинг ютуғи ва меҳнатлари самарасидир.

Худойназар Юнусов,

СамВМИ ректори, биология фанлари доктори, профессор.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор.