Шаҳарда ўтказилган сайёр қабулга олис қишлоқлардан ҳам мурожаатчилар келди
Вилоят ҳокимининг аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишга қаратилган навбатдаги сайёр қабули Самарқанд шаҳридаги "Ёшлик" истироҳат боғида ўтказилди.
Унда вилоятнинг 4 сектор раҳбари, ҳоким ўринбосарлари, бошқармалар бошлиқлари, шунингдек, Самарқанд шаҳри ва унга яқин туманлар ҳокимлари ҳамда мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирок этди.
Сайёр қабулга келган ҳар бир фуқаронинг мурожаати диққат билан тингланиб, масалаларга ечим топилди. Шаҳар аҳолиси учун ўтказилган қабулга олис қишлоқлардан ҳам фуқаролар келиб, мурожаат қилди.
- Бугунги сайёр қабулни эшитиб, 100 километр йўл босиб келдим, - дейди Қўшработ туманидан келган фуқаро Феруза Назарқулова. – Узоқ вақтдан бери бир гуруҳ ҳамкасбларимни ва ўзимни қийнаб келаётган муаммо жонимдан ўтиб кетмаганда келмасдим. Яъни, ташкилотимиз – туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан ойлик маош тўланишида тушунмовчиликлар бўляпти. Имтиёзли кредит асосида уй сотиб олганман. Олаётган ойлигим камлигидан кредитни қайтаришга қийналяпман. Маошимиз турлича. Масалан, яқинда пластик картамга 650 минг сўм тушди. Ташкилот томонидан қўшимча моддий рағбатлантиришлар йўқ. Шу масалага ойдинлик киритиш учун мутахассислар ёрдамига муҳтожмиз. Туманимизда ушбу муаммога ечим топишга қийналганимиз учун бугун вилоят ҳокимига мурожаат қилдим. У киши мутасаддиларга топшириқ берди.
Бу галги сайёр қабул аввалгиларига ўхшамади. Вилоят ҳокимлиги мутасаддилари томонидан карантин қоидаларига амал қилиб, ушбу тадбирни ўтказиш мақсадида катта тайёргарлик кўрилди. Истироҳат боғининг соя-салқин жойларида шароит яратилганлигига қарамасдан, навбатсиз қабулга киришга уринган айрим “уддабурон” фуқароларнинг тартибсиз ҳаракати кўпчиликнинг кўнглини хира қилди.
Яна бир ҳолат, Баъзи фуқаролар шаҳар ёки туманда, ҳатто маҳалланинг ўзида ҳал этилиши мумкин бўлган арзимаган муаммолар билан ҳам вилоят ҳокимига мурожаат қилмоқда. Бу каби тушунмовчилик ва сарсонгарчиликларнинг олдини олиш учун ҳар бир сайёр қабулда таъкидланадигандек, аввало, одамларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, шунингдек, қуйи бўғин мутасаддиларининг масъулиятини кучайтириш талаб этилади.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов (фото).