“Шарқ тароналари” – дунёда ўхшаши йўқ фестиваль

Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари“ XII халқаро мусиқа фестивали давом этмоқда. Жаҳон миқёсида нуфузи ошиб бораётган мазкур форумда сайёрамизнинг турли қитъаларидан моҳир хонанда ва созандалар, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар билан бирга халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат арбоблари ва таниқли сиёсатчилар иштирок этмоқда.

Самарқандга ташриф буюриб, бетакрор “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали тантанали очилиш маросимида иштирок этган ана шундай нуфузли меҳмонлар таассуротлари билан қизиқдик.

Павел Левандовски, Польша Республикаси маданият ва миллий мерос вазири ўринбосари:

– Аввало, мазкур санъат байрамига таклиф этишгани учун Ўзбекистон раҳбариятига ўзимнинг самимий миннатдорлигимни изҳор этаман. Самарқанд чиндан ҳам мўъжизавий шаҳар экан. “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали эса ана шу мўъжизавий шаҳарнинг ўзига хос ташриф қоғозига айланибди. Бизнинг мамлакатимиздан ҳам турли ансамбллар ушбу санъат байрамида иштирок этиб, миллий мусиқа меросимиз анъаналарини тарғиб этмоқда. Польшалик санъаткорлар ҳам, мусиқа шинавандалари ҳам бу фестивални яхши кўради. Фестивалнинг очилиш маросими ва унда Ўзбекистон Президентининг иштирок этиб, табрик йўллаши санъат анжумани қатнашчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.

Намойиш этилган концерт дастури эса барчага, жумладан бизга ҳам жуда манзур бўлди. Бу ўзбек халқининг қанчалик бой маданият, санъатга эга эканлигини кўрсатади. Ушбу фестиваль меҳмони бўлганимдан фахрланаман.

Квон Ёнг Се, Корея Республикаси Андонг шаҳри мэри:

– Самарқанд Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган йирик савдо ва маданият маркази бўлиб келган. Бу фақат ўтмишда қолмай, бугун ҳам ушбу шаҳар шундай мақомга эга эканлигига гувоҳ бўлдим.

Бизнинг юртимизда ҳам Самарқандга қизиқувчилар, бу эртакмонанд шаҳарга келишни орзу қиладиганлар жуда кўп. Шахсан ўзим ҳам кўп йиллардан бери “Шарқ таронлари” фестивалини Регистонда туриб томоша қилишни истардим ва бу ниятим амалга ошганидан бахтиёрман.

Бу санъат байрами дунёда ўхшаши йўқ йирик мусиқа фестивали эканига кеча яна бир бор амин бўлдим. Эътиборлиси, унда бизнинг мусиқий жамоаларимиз ҳам мунтазам иштирок этиб, ғолиблар сафидан жой олмоқда. Шунингдек, фестиваль ҳакамлар ҳайъати таркибида ҳам Кореядан вакил борлиги бизга мамнуният бағишлайди.

Ушбу ташрифим давомида Самарқанд шаҳар ҳокими билан учрашиб, бизнинг Андонг шаҳри ва Самарқанд ўртасида турли соҳаларда яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. Хусусан, туризм бўйича ҳамкорлик икки томон учун манфаатли бўлиши шубҳасиз.