“Шарқ тароналари” фестивали иштирокчилари 25 августдан Регистонда чиқишларини бошлайди

Бу йил “Шарқ тароналари” ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивалида 74 давлатдан вакиллар қатнашиши кутилмоқда.

Фестиваль матбуот марказининг хабар беришича, Маданият вазирлиги ва Халқаро фестиваллар дирекцияси томонидан “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивалида иштирок этаётган мусиқий жамоаларнинг Регистон майдонида чиқишлари режа жадвали ишлаб чиқилган.

Унда белгиланишича, 25 август куни Афғонистон (“Haft goh”), Миср (“Heritage Ensemble For Arab Music-Cairo Opera House”), Голландия, Ироқ, Туркия (International - “Mundus Trio”), Қозоғистон (“Бабалар сазы”), Аргентина (“Sandra Rehder”), Ҳиндистон (“Debapriya & Samanwaya”), Эрон (“Haray Ladies Folklore Music Group”) давлатларидан келган мусиқий жамоалари танлов дастури бўйича чиқишларини бошлайди.

Фестиваль низомига кўра, танлов иштирокчиларининг чиқишлари икки йўналиш – профессионал тарздаги халқ мусиқа ва қўшиқлари ҳамда анъанавий йўлда ижод қилинган замонавий мусиқа ёки қўшиқ йўналишларида баҳоланади.

Бу йил фестиваль Гран-При соҳибига 10 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти берилади. Иккита 1-ўрин, иккита 2-ўрин ва учта 3-ўринни эгаллаган иштирокчилар ҳам 5 мингдан 2 минг долларгача пул мукофотини қўлга киритади. Шунингдек, “Энг ёш иштирокчи”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, “Энг яхши чолғу мусиқаси ижрочиси” каби номинацияларда ҳам ғолиблар махсус диплом ҳамда 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

Фестиваль иштирокчилари танлов дастуридан бошқа вақтларда Самарқанд шаҳрида, шунингдек, Оқдарё, Самарқанд, Паст Дарғом, Тойлоқ, Ургут ва Жомбой туманларидаги истироҳат боғлари, маданият муассасаларида ижодий учрашувлар, концертларда қатнашади.