“Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивалида 80 та давлат вакиллари иштирок этади
1997 йилдан бери ҳар икки йилда мунтазам ўтказиб келинаётган фестиваль охирги марта 2019 йилда бўлиб ўтган эди. Шунинг учун кўпчилик "Бу фестиваль яна ўтказилармикан?", деган саволга жавоб излаяпти.
– 2021 йилда ўтказиладиган фестиваль пандемия сабабди қолдирилган эди, - дейди вилоят маданият ва туризм бошқармаси бошлиғи Шаҳзод Эшонқулов. – Инсониятни синовдан ўтказган оғир кунлар ортда қолди. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 2 февралдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисидаги қарорида “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш белгиланди. Жорий йил ҳам анъанага мувофиқ август ойининг охирги ўн кунлигида ўтказилиши кўзда тутилган ушбу халқаро фестивалга катта тайёргарликлар кўрилмоқда.
"Шарқ тароналари" жаҳон халқлари миллий мусиқа санъатида эришилган ютуқларни асраш ва ривожлантиришда беқиёс ўринга эга, қолаверса, санъат орқали халқлар ўртасида дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, инсонларни эзгу ғоялар атрофида жипслаштириш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, халқаро ижодий алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.
- Фестивалнинг нуфузи ортиб, иштирокчилари географияси ҳам тобора кенгайиб боряпти, - дейди Шаҳзод Эшонқулов. - Бугун кўплаб мамлакатлар, халқаро ташкилотлар, машҳур санъат намояндалари унда қатнашишни ўзлари учун шараф деб билади. 1997 йилда ўтказилган биринчи фестивалда 31 мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, 2019 йилда ўтказилган фестивалда 75 та давлатдан 340 нафар вакил қатнашгани ҳам шундан дарак бериб турибди. Тўрт йил давомида санъаткорлар ҳам, мусиқа санъати ишқибозлари ҳам "Шарқ тароналари"ни соғинган. Шу кунгача 80 та мамлакат санъат вакиллари нуфузли фестивалда иштирок этиш истагини билдирди.
Мусиқий фестивалга тайёргарлик доирасида меҳмонларни кутиб олиш ва меҳмонхоналарга жойлаштириш, уларга таржимон, гид-экскурсовод ажратиш, саёҳатлар ташкил этиш, транспорт хизмати кўрсатиш ва бошқа хизматлар билан боғлиқ ҳар бир масалага жиддий эътибор қаратилади.
Кейинги йилларда шаҳримиз халқаро миқёсдаги кўплаб тадбирларга мезбонлик қилди. Ушбу тадбирлар сабаб сайёҳлик ривожланди. Бу йилги фестивалда ҳар доимгидан кўпроқ иштирокчилар ва меҳмонларнинг ташрифи кутиляпти.
Сулаймон Мардиев.