Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Афғонистон бўйича конференция иштирокчиларига мурожаат йўллади

Айни пайтда Тошкент шаҳрида 100 дан ортиқ хорижий делегациялар иштирокида «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт» халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.

Унда Абдулазиз Камилов Шавкат Мирзиёевнинг конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатини ўқиб эшиттирди.

Президент ўз мурожаатида Афғонистоннинг халқаро майдонда яккалаб қўймаслик муҳим эканини таъкидлаган. Шунингдек, жаҳон ҳамжамияти қўшни мамлакат билан муносабатларда аввалги хатоларни қайта такрорламаслик зарурлигини айтган.

«Аминмизки, жаҳон ҳамжамияти бугун 1990 йиллардаги хатоларни қайта такрорламайди, уларни четлаб ўта олади ва шунга эришиш лозим. Афғонистоннинг халқаро майдонда яккалаб қўйилиши гуманитар вазиятнинг янада ёмонлашувига олиб келиши муқаррар, шу боис бунга йўл қўймаслик муҳим. Гап миллионлаб инсонларнинг тақдири ҳақида бормоқда», дейди давлатимиз раҳбари.