Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шимолий Кореянинг ракета учириши Жанубий Корея, АҚШ ва Япония муҳокамасида

Жанубий Корея ва АҚШнинг КХДР бўйича махсус вакиллари Но Гю Док ва Сон Ким якшанба куни Япония вакили Такэхиро Фунакоси билан Шимолий Корея томонидан ўрта масофага баллистик ракета учирилиши борасида телефон орқали мулоқот қилишди.

Но Гю Док ва Сонг Ким Шимолий Кореянинг ракета учиришини халқаро ҳамжамиятнинг Корея яримороли муаммосини дипломатик йўл билан ҳал қилиш ҳаракатлари, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларига таҳдид сифатида қоралади.

“Жанубий Корея ва АҚШ ўртасидаги мустаҳкам иттифоққа асосланган хавфсизлик позициясини сақлаб қолишга ва Шимолий Корея билан мулоқотни имкон қадар тезроқ тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олди”, дейилади Жанубий Корея ТИВ баёнотида.

Айни пайтда Фунакоси билан алоҳида суҳбатда яриморолдаги вазиятни назорат остида ушлаб туриш мақсадида “яқин алоқа ва ҳамкорлик”ни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Маълумки, якшанба куни Шимолий Корея Япон денгизи томон номаълум ракета учиргани хабар қилинганди. Ҳарбий экспертлар фикрича, у баллистик ракета бўлган. Жанубий Корея ҳарбийлари маълумотига кўра, ракета шимолий Чаган вилоятидан учирилган бўлиб, максимал 2000 км баландликда, 800 километр масофага учган. Ушбу ракета учириш КХДР томонидан 2022 йилда қаторасига еттинчи бўлди.

2018 йилда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин АҚШ президенти Дональд Трамп билан биринчи учрашувида Қитъалараро баллистик ракета учирилиши ва ядровий синовлардан воз кечишга ваъда берган эди.