Шизофрения ташхиси қўйилган машҳур кишилар
Буюк санъаткорлар, ёзувчи ва олимлар ўртасида жиддий психологик муаммоларга дучор бўлган, лекин уларнинг бу ташхислари ўзлари ҳақида яхши хотира қолдиришларига тўсқинлик қилмаган инсонлар кўп. Бугун ўзларининг ижодий ва илмий фаолияти натижасида фан ва маданиятда ўчмас из қолдирган ва дунёни яхши томонга ўзгартиришга муваффақ бўлган буюк шизофрениклар ҳақида сўз юритамиз.
Фридрих Вильгельм Ницше
Жуда кўп ҳолларда бу ташхис кўпгина даҳоларга қўйилган. Масалан, Фридрих Вильгельм Ницшега оддий шизофрения эмас, балки унинг ақл хиралашиши, кучли бош оғриғи ва ноўрин хатти-ҳаракатлари билан ажралиб турадиган ядровий мозаика тури жиддий ташхиси қўйилган эди.
У этикда сув ичар, оддий қўриқчида Бисмарк (Германия империясининг биринчи канцлери)ни кўрар ва синган шиша парчаларидан тўсиқ қурарди. Ницше авлодлар хотирасига бу амаллари билан эмас, балки мутафаккир, филолог, бастакор шоир ва ўзига хос фалсафий таълимот яратувчиси сифатида қолган.
Филипп К.Дик
Шизофрениянинг енгил шакли ёзувчи Филипп К.Дикда бўлган, у кейинги нашрларда “Устара тиғи бўйлаб” номи билан танилган “Андроидларнинг электр қўйлар ҳақидаги орзуси” (1968 й.) ва “Улгуржи ва чакага савдо хотиралари” номли фантастик романлари билан машҳур бўлган. Баъзиларнинг фикрига кўра, айнан шу касаллик муаллифга китобларининг шундай номланиши ва сюжетини яратишга ёрдам берган.
Винсент Ван Гог
Голландиялик пост-импрессионист рассом кўпгина расмларини тез-тез учраган шизофрения тутилиши пайтида яратган деб ишонишади. Бу даврда у бир неча кун давомида ухлай олмаган ва кунига бир нечталаб асар яратган.
Николай Васильевич Гоголь
Гоголнинг ҳаёти ва ижодини ўрганувчиларнинг фикрига кўра, у клаустрофобия билан тўлдирилган даврий психоз ва шизофрения билан оғриган. Николай Васильевичга тез-тез овозли ва кўзга кўринмайдиган галлюцинациялар “ташриф буюриб” турган. Асарларининг баъзи қаҳрамонларини ёзувчи улар асосида яратди. Руҳсизлик ҳолати ва депрессия кескин равишда ҳаддан ташқари фаоллик ва илҳом даврлари билан алмашиб турган. Ўзи ҳақида эса ёзувчи унинг тана аъзолари жойидан силжигани ва ҳатто тескари жойлашганини айтган.
Исаак Ньютон
Баъзи тадқиқотчилар Исаак Ньютонда шизофрения ва биполяр парокандалик касаллиги бор бўлган деб ҳисоблашади. У ажойиб математик ва физик эди, лекин кайфияти соат сайин ўзгариб тургани боис, у билан гаплашиш ниҳоятда қийин кечган.
Парвин Баби
Болливуднинг энг жозибали киноактрисаси ҳисобланган Парвин Баби ўттиз ёшида шизофрениядан даволана бошлаган. Васвасага тушган пайтида у Марказий разведка бошқармаси, КГБ ва Моссад бўлимларини унинг ўлимини хоҳлаётганлигида айблаган.
Жон Нэш
1994 йилда иқтисод бўйича Нобель мукофоти лауреати, ўйин назарияси ва дефференциал геометрия соҳасида ишлаган америкалик таниқли математик Жон Форбс Нэш ҳақида “Идрок ўйинлари” фильми суратга олинган. Шуниси эътиборга лойиқки, Жон Нэш ўз касаллиги билан муросага кела олди ва касаллик намоён бўлган пайтда эътибор бермасликни ўрганди, ўз ўрнида шифокорлар дастлаб касалликнинг яхшиланиши деб ҳисоблаган. Афсуски, Нэш 2015 йилда автоҳалокат оқибатида вафот этди.
***
Машҳур шизофреникларнинг ушбу қисқача рўйхатидан биз ақлдан озиш ва истеъдод ўртасидаги боғлиқликлар тўғрисида хулоса чиқаришимиз мумкин. Афсуски, даҳолик машҳур кишиларга шунчалик қимматга тушган экан.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.