Штрих-кодни ким ихтиро қилган?

Маҳсулот, ишлаб чиқарувчи ёки харидор ҳақидаги маълумотларни шифрловчи тасвир штрихли код замонавий дунёнинг ажралмас қисмидир, техник воситалар ёрдамида ўқишга имкон берувчи графика маҳсулот номи ва нархини тезда аниқлашга ёрдам беради.

Мавжудлиги давомида ушбу технология узоқ йўлни босиб ўтди ва жуда кўп маротаба ўзгарди. Эндиликда қора ва оқ чизиқлар ёки бошқа геометрик шакллар кетма-кетлигидаги штрих-код савдода товарлар ҳисобга олиш жараёнини юзлаб марта қисқартириб, одамларни дўконлардаги узун навбатлардан халос қилмоқда.

Хўш, штрих-кодни ким ихтиро қилган?


Штрихли кодга қараган киши унинг остидаги чизиқлар билан шифрланган рақамларни кўради. Унга йўналтирилган сканер у бир зумда рақамлар комбинациясини ўқиб таҳлил қилади ва дарҳол маҳсулотни маълумотлар базасида топади.

Штрих-код АҚШда турли ихтирочилар томонидан бир-биридан мустақил равишда ихтиро қилинган. 1949 йилда Дрексел технология институти аспирантлари Жозеф Вудленд ва Бернард Силвер ёпиқ қутилардаги товарларни автоматик равишда аниқлаш имконини берадиган маркалаш технологиясини патентладилар.


Бу ихтиро Морзе алифбосига асосланган эди: аспирантлар нуқта ва тиреларни кўндаланг тарзда чўзишди ва уларни ўқий оладиган сканерни йиғишди. Фойдаланувчига сигналларнинг визуал кўринишини таъминлаш учун асосий эҳтиёт қисмлар сифатида осциллограф ва фото кўпайтиргичдан фойдаланилди.

1961 йилда муҳандис Девид Коллинз темир йўл вагонларидаги сариқ ва кўк чизиқлар кетма-кетлигида бўлган маркировкаларни ўқийдиган қурилмани ихтиро қилди. Бу технология Вудленд ва Силвер ихтиросига жуда ўхшаш эди.

1971 йилда IBM компанияси ушбу технологияларга қизиқа бошлади. Ўша пайтда Вудленд у ерда ишларди ва унинг раҳбарлигида биринчи UPC штрих-код стандарти ва сканерлари яратилди. У билан жиҳозланган маҳсулотлар 1974 йилда сотувга чиқарилди.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.