Сиёсий шарҳ: Тинчлик формуласи
Шу йилнинг 15-17 июнь кунлари Швейцарияда Умумжаҳон тинчлик саммити ўтказилиши кутилмоқда. Унда 100 дан ортиқ мамлакат раҳбарлари йиғилиб, Украина ва Россия ўртасидаги урушга чек қўйиш ёки ҳеч бўлмаса, томонларни сулҳга рози қилишга эришмоқчи.
Назаримизда, бу вазифа бениҳоя оғир ва келишув эҳтимоли деярли йўқ. Нега десангиз, зиддиятнинг илдизи жуда чуқур ва узоқ йилларга бориб тақалади. Ҳали собиқ иттифоқ парчаланмасдан бурун бу икки давлат ўртасида жиддий келишмовчиликлар келиб чиққан. 1991 йилнинг ўрталарида, яъни март ойида бўлиб ўтган собиқ СССРни сақлаб қолиш ҳақидаги умумхалқ референдуми асосида тузилган янги иттифоқ шартномаси лойиҳаси тайёр бўлгач, Болтиқбўйи республикалари билан бир қаторда Украина ҳам янги иттифоқ шартномасига қўшилмаслигини очиқ изҳор қилганди. Бу эса шўро иттифоқининг парчаланиб кетишига бош омиллардан бири бўлганлиги тарихий факт.
Ундан кейин, 2005 йилда Украинада европапараст фирқалар ҳокимият тепасига келгач, Европада жойлашган мамлакатнинг Евроиттифоқ сари қилаётган ҳаракати мантиқ юзасидан тамоман тушунарли бўлди. Аммо буни империя таназзулидан шундоқ ҳам аламзада бўлиб юрган рус сиёсий элитаси мутлақо ҳазм қилолмади. Тўғри, бу борада улар қандайдир қарши чоралар кўришди, ҳокимият тепасига Кремлга мойил сиёсий кучларни чиқаришга интилишди. Аммо бу билан халқ орасидаги умумий эркинлик кайфиятини йўқота олмади. Оқибатда у ерда 2014 йилнинг маълум ва машъум воқеалари рўй берди. Москвадаги қудратли кучлар саъй-ҳаракати билан ҳокимият тепасига «чиқарилган» президент Виктор Янукович мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди. Ундан кейинги воқеалар ҳаммамизга яхши маълум: Украина катта қонли уруш гирдобига тортилди.
Шу ўринда саволлар пайдо бўлади: берилаётган шундай катта қурбонлар ва моддий йўқотишларга қарамасдан, Россия томони бу урушга нега кундан кунга катта ресурсларни ташламоқда? Халқ хўжалиги нега аста-секин ҳарбий изга солинмоқда? Бутун мамлакат Украинадаги уруш ғалабаси учун ишламоқда.
Атоқли ёзувчи Александр Солженицин ўз васиятномасида Украина ва Беларус империянинг таянчи эканлиги, уларнинг бирортаси қўшилмаса, рус давлатчилиги таназзулга юз тутиши ҳақида қатъий огоҳлантирган эди. У охирги мақолаларида Украина Россия учун Кавказдан ҳам муҳимроқ аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, Москва қачондир Украина, Белоруссия ва Шимолий Қозоғистонни ўз тасарруфига олиши лозимлиги ҳақида ёзганди.
Америкалик сиёсатшунос Збигнев Бжезинский ҳам «Катта шахмат тахтаси» асарида Россия Украинасиз ўзининг империялик мақомини бой бериши эҳтимоли тўғрисида очиқ фикр билдирган. Владимир Путин ҳам рус ва украинлар битта халқ эканлиги, Украинани Россиясиз тасаввур қилиб бўлмаслиги ҳақида гапириб, Ғарб дунёсини ушбу икки халқнинг ички ишларига аралашмасликка чақирганди. Аммо катта оғанинг империалистик кайфиятидан чўчиган украиналиклар тобора Москвадан узоқлаша бошлади. Ана шундан сўнг Кремль вазият жиддий эканлигини англаб, 2014 йил баҳорида кўпроқ рус тилли аҳоли яшайдиган Қрим автоном республикасини уруш-тўполонсиз, осонгина Россияга қўшиб олди. Бунга Украина армиясининг пассив муносабати ва дунё ҳамжамиятининг бепарволиги Путин ҳокимиятини яна дадил ҳаракатларга илҳомлантирди. Шу йили истеъфодаги майор Игор Гиркин раҳбарлиги остида юзга яқин кўнгилли собиқ ҳарбий хизматчилар айирмачилик кайфияти кучли бўлган Донецк областига кириб, қўпорувчилик ҳаракатларини уюштирдилар.
Энди анча ҳушёр тортган Украина армияси ҳарбий амалиёт бошлаб, уларга қаршилик кўрсатишга уринди. Бироқ Москванинг ҳарбий ёрдами билан айирмачилар Донецк ва Луганск вилоятларининг бир қисмини эгаллаб олишга эришди. Украина армияси оғир талафотлар бериб, чекинишга мажбур бўлди. Шундан сўнг саккиз йил давомида Москва музокаралар йўли билан Украинада россияпараст икки анклав яратишга уринди. Аммо Минск шартномалари ҳар икки томондан ҳам бажарилмаганлиги оқибатида муваффақиятсизликка учради. Киевнинг қайсарлигидан ғазабланган Кремль 2022 йил 24 февраль куни махсус ҳарбий амалиёт дея номланган, аслида кенг миқёсдаги босқинчилик урушини бошлади. Ҳарбий ҳужум Қора денгиздан Беларусгача бўлган бир неча минг километрлик фронт бўйлаб айни саҳар чоғи бошланди. Мақсад: яшин тезлигидаги марш-ҳужум билан қисқа муддатда Киевни эгаллаш ва у ерда янги қўғирчоқ ҳукуматни тиклаш эди. Бироқ бу гал омад Путиндан юз ўгирди. Аввалги хатолардан хулоса чиқарган украин армияси ҳамда қуролланган халқ лашкарлари босқинчиларга жиддий қаршилик кўрсатди ва душманни орқага чекинишга мажбур этди.
Оқибат шу бўлдики, нари борса, бир ойга мўлжалланган ҳарбий амалиётнинг учинчи йилдирки, охири кўринмаяпти. Ҳозирги вазиятда маълум сабабларга кўра, Россия армияси ҳужумкорлик қобилиятини йўқотиб улгурди. Украина эса рус армиясини чекинишга мажбур этувчи кучга эга эмас. "Reuters" ахборот агентлигининг Россия президентига яқин бўлган манбаларига таяниб хабар беришича, Путин Украинадаги урушни ҳозирги фронт чизиғида «музлатиш»га тайёр. Унинг фикрича, ҳозирги фронт чизиғини тан оладиган ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар йўли билан урушни тинчитиш мумкин. Бунда сулҳнинг корейс варианти танланиб, ўртада чегара чизиғи тортилиши мўлжалланган. Бу хилдаги ярашув усули ўтган асрнинг 50-йилларида Кореяда жорий этилиб, Шимол билан Жануб орасида сулҳ тузилганди. Лекин тарих тажрибаси ҳамма ҳолатларда ҳам бирдек қўл келавермайди.
Бугунги вазиятда Украинада бу борада битта кучли дастак мавжуд. У ҳам бўлса, Қрим яримороли масаласи. Чунки Қрим азалдан баҳсли ҳудуд бўлиб, бир неча марта қўлдан қўлга ўтиб келган. Ҳозир ҳам у ерда Россиянинг ҳарбий қўшинлари кўп бўлишига қарамасдан, Украина қаттиқ босим ўтказса, вазият кескин ўзгариб кетиши мумкин. Масалан, бугунги кунгача Қора денгиз флотининг учдан бир қисм кемалари сафдан чиқарилди. Қримдаги қуруқлик кучларига ҳам кундан кунга қақшатқич зарбалар берилмоқда. Агар Қрим қўлдан кетса, логистик иншоотларни мустаҳкамлаш ёки Одессани, Днестрбўйини забт этиб, Россияга қўшиб олиш сингари ширин орзулар ҳам саробга айланади. Шу боис бўлса керак, Қримдан эътиборни чалғитиш мақсадида Кремль Украинани Россия ва Беларус чегараларида урушишга мажбур этмоқчи бўляпти. Кейинги вақтда Харьков фронтидаги жангларнинг кучайиб бораётганини ана шу омил билан изоҳлаш мумкин. Бунда россияликлар учун Ғарб мамлакатларининг пассив сиёсати ҳам жуда қўл келмоқда. Украина иттифоқчиларнинг бетайинлиги туфайли ўзини ҳимоя қилишга жуда қийналмоқда. АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларининг Россия ҳудудига Украинага етказиб берилган қуроллар билан зарба беришни тақиқлаши Киевнинг Харьков вилоятини ҳимоя қилиш қобилиятига жиддий путур етказди, деб ёзади Америка урушни ўрганиш институти таҳлилчилари. Таҳлилчиларнинг фикрларига кўра, ушбу чекловлар Россиянинг чегара ҳудудларида ҳимояланиш имконини кучайтирган. Бу жойлардан рус ҳарбий учоқлари Украинадаги стратегик нишонларга фаол ҳужум уюштирмоқда экан. Қизиғи шундаки, Америка президенти Украина ўзи ишлаб чиқарган қуроллар билан ҳам Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига ва терминал омборларга ҳужум қилмасликни талаб қилиб сўрамоқда. Бу дунё миқёсида нефть нархининг кўтарилиши, алалоқибат АҚШ иқтисодиётига жиддий зарар етказар эмиш.
«Эчкига жон, қассобга мой қайғуси» деб балки шунга айтишса керак. Бундан аввалроқ ҳам АҚШ расмийлари Россия ҳудудидаги нишонларга зарба бериш учун Украинага етказиб берилган Америка қуролларидан фойдаланишни қўллаб-қувватламасликларини маълум қилганди. Улардан фарқли ўлароқ, Буюк Британия мудофаа вазири Грант Шеппс унинг мамлакати юборган қуроллар билан Қримга зарба беришга рухсат берганди. Чунки халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, яриморол Украинанинг бир қисми ҳисобланади.
Бу борада Болтиқбўйи мамлакатлари ва Польшанинг мўлжаллари тамоман бошқача. Улар агар Россия қўшинлари Ғарбнинг суст ёрдами туфайли шарқий фронтда жиддий муваффақиятга эришса, Украинага қўшимча ҳарбий кучларни юборишни истисно қилмаяпти. Аввалроқ Франция президенти Макрон ҳам шунга ўхшаш фикрни билдирган эди. Бу ҳақда "Der Spiyegel" газетасида чоп этилган мақолада ёзилишича, яқинда Таллин шаҳрида бўлиб ўтган конференция арафасида Болтиқбўйи мамлакатлари депутатлари Германия вакилларини Украинага ёрдамнинг сустлиги оқибатлари ҳақида огоҳлантирган.
«Агар Ғарб Киевга бепарволик билан суст ёрдам бераётганлиги натижасида Россия Украина шарқида стратегик муваффақиятга эришса, вазият сезиларли даражада ёмонлашиши мумкин. Бундай ҳолатда Латвия, Литва, Эстония ва Польша рус қўшинлари ўз чегараларига келгунча кутиб ўтирмайди, улар ўз қўшинларини Украинага жўнатади», дейилади мақолада. Бундан маълум бўладики, уруш ҳаракатлари халқаро миқёс касб эта бошлайди ва жаҳон урушига айланиб кетиш эҳтимоли ҳар қачонгидан кучаяди. Ана шунда Россия учун Ғарб дунёси шу пайтгача ҳайиқиб келган воқеа - ядро қуролини қўллашдан ўзга чора қолмайди.
Шу маънода, Америка томони Путинни агар атом қуроли қайси кўринишда бўлмасин, Украинада қўлланса, Россия армияси НАТО томонидан оддий қуроллар ёрдамида батамом йўқ қилиб ташланиши ҳақида жиддий огоҳлантирди. Бироқ сиёсий экспертларнинг фикрича, Путин бундай қалтис қадам қўйишга журъат этолмайди. Нега деганда, бу ҳаракат рус давлатчилигининг барбод бўлиши билан якунланиши мумкин. Шу боис бўлса керак, рус расмийлари Харьковни эгаллашдан тийилиб, қандайдир санитария зонасини яратиш учун тинчлик музокараларини бошлашга ҳозир бўлиб турибди. Аммо бу борада ҳар икки томоннинг тинчлик формуласи тамоман ўзгача. Масалан, Украина Россия қўшинларини 1991 йилги чегаралардан ташқарига олиб чиқиб кетилишини истайди. Россия томони эса босиб олинган ҳудудлардан умуман чиқиб кетмоқчи эмас. Аксинча, янги-янги ҳудудларни забт этишга тиришмоқда. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг билдиришича, Россия махсус ҳарбий амалиётни барча мақсадларга эришмагунча давом эттиради. Бу жабҳада айтарли натижаларга эришилмагач, рус маъмурлари гибрид жангнинг ҳар турли йўлларини ўйлаб топмоқда.
Масалан, яқинда радио-электрон усул билан Болтиқбўйи республикаларида фуқаро авиацияси ҳаракатларига халақит беришга уриниш бўлди. Натижада самолётлар ҳавога кўтарила олмай, жиддий муаммолар юзага келди. Шу орада Россия мудофаа вазирлиги Болтиқ денгизи бўйлаб ўтувчи давлат чегараларини вужудга келган янги сиёсий воқеликка кўра қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. Бу эса НАТОга аъзо давлатлар билан муносабатларни янада таранглаштирди. Путиннинг охирги иддаоси бўйича Украина президентининг ваколат муддати тугагани боис Зеленский ортиқ давлат бошлиғи ҳисобланмайди. Уруш ҳолатида турган мамлакатда сайлов ўтказишнинг иложи бор-йўқлиги ҳақида гапиришнинг эса ўзи ортиқча.
Фикри ожизимизга кўра, буларнинг барчаси мақола бошида айтиб ўтганимиз - чақирилажак Умумжаҳон тинчлик саммитини обрўсизлантиришга қаратилган ташвиқотдан бошқа нарса эмас. Яна шуниси ҳам аниқки, глобал тинчлик муаммоларига бағишланган саммитдан рақиб томонлар иштирокисиз натижа чиқариш мушкул. Шу маънода, ушбу йирик халқаро анжуманга Россия Федерацияси ҳам таклиф этилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Худойберди Комилов,
сиёсий шарҳловчи.