"Соҳир, шеърсевар қалбга посбон бўлайин ўзим"

Ўзбекистон Журналистлар ва Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари ташаббуси билан вилоят Матбуот уйида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда бугун 60 ёшини қаршилаган, 40 йиллик ҳаёти журналистика ва ижодга боғланган шоир Тошпўлат Тугалов ижоди ҳақида гап борди. Дастлаб устоз ва ҳамкасблари Тошпўлат Ўрхун тахаллуси билан ижод қилиб келаётган шоирнинг узоқ йиллар вилоят телерадиокомпаниясида муҳаррир, катта муҳаррир, бош муҳаррир вазифасида ишлаб, юзлаб долзарб мавзуларда кўрсатувлар тайёрлагани, ўнлаб шогирдлар етиштиргани ҳақида гапирди. Айни пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари вазифасида фаолият кўрсатиб, самарқандлик ижод аҳлини турли тадбирларда бирлаштириб келаётгани таъкидланди.

Ижодкорнинг “Мужда”, “Кечиккан жавзо” тўпламлари, шунингдек, “Бир куни мухбирлар” насрий асари, “Сурур”, “Умр карвони” шеърлар ҳамда “Тонг юлдузи болалари” таржима китоблари кўпсонли ўқувчиларга манзур бўлгани эътироф этилди.

- Тошпўлат ака билан узоқ йиллар телевидениеда бирга ижод қилдик, - дейди вилоят телерадиокомпанияси директори ўринбосари Дилмурод Исматов. – Албатта, ўша даврда кўплаб янги жанрдаги эшиттириш ва кўрсатувларга муаллифлик қилди. Мана, қарийб олти йилдирки Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимини бошқариб, юзлаб шоир ва ёзувчиларни бир мақсадда, бир ижодда бирлаштиришга бош бўлиб келмоқда. Бу ҳам ижодкорнинг ҳамон жўшиб ижод қилаётганидан далолат. Кўплаб шогирдлари ҳам устозининг изидан бормоқда. Хуллас, Тошпўлат Ўрхуннинг ижод карвони энди бошланди, десам муболаға бўлмайди. Шоир бир шеърида "Соҳир, шеърсевар қалбга посбон бўлайин ўзим", дея ёзади. Илоҳим, шундай бўлсин, ҳамкасбимиз ижодига баркамоллик тилайман.

Т.Тугаловга матбуот ва адабиётга қўшган ҳиссаси учун иккала уюшма вилоят бўлимларининг ташаккурнома ва совғалари топширилди. Шунингдек, телевидение, “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими, таҳририятлар совғалари тақдим этилди.

Ҳусан Элтоев.