Самарқанд вилоят Кенгашининг сессияси
Унда вилоят маҳаллий бюджетининг жорий йилдаги ижроси ҳамда 2019 йилги бюджет параметрлари муҳокама қилинди.
Сессияга киритилган масала юзасидан вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаев ахборот берди.
Таъкидландики, жорий йил якунига кўра, вилоят маҳаллий бюджетининг даромадлар қисми барча солиқ турлари ва бошқа тушумлар бўйича 2017 йилга нисбатан 471 миллиард сўмга ёки 130 фоизга ўсиб, 2 триллион 28,3 миллиард сўмни ташкил этилиши кутилмоқда. Бюджет даромадларини кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар натижасида маҳаллий бюджет харажатлари йил якуни билан 3 триллион 478 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 45 фоизга ошади. Бунинг эвазига "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида 29 та қишлоқ ва 4 та маҳаллада бошланган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини молиялаштиришга 75 миллиард сўм ажратилди.
Шунингдек, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, уларни иш билан таъминлаш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида "Yoshlar – kelajagimiz" давлат дастури доирасида 3,2 миллиард сўм ҳамда бандлик жамғармаси орқали "Микрокредитбанк" ва "Халқ банки"нинг устав капиталларини ошириш ҳисобига 5 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратишга йўналтирилмоқда.
2019 йил учун вилоят маҳаллий бюджетининг жами харажатлари 4 триллион 31,8 миллиард сўмни ташкил этилиши белгиланган. Соҳалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, ижтимоий соҳа харажатлари 3 триллион 547,4 миллиард сўмни ёки умумий харажатларнинг 88 фоизини ташкил қилади. Жумладан, таълим харажатларига 2244,9 миллиард сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 949,4 миллиард сўм, маданият соҳасига 29,1 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Сессияда вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ш.Ахмедов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Р.Йўлдошев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзов, маданият бошқармаси бошлиғи Б.Шарафов тақдим этган маълумотлар депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.
Ҳисоботларда айтилишича, вилоят халқ таълими тизимига 2018 йилнинг 11 ойи давомида давлат бюджетидан жами 1 триллион 323 миллиард 342 миллион сўм харажат амалга оширилган. Бундан ташқари, вилоятда соғлиқни сақлаш тизимида аҳоли учун зарур шароитларни яратиш мақсадида инвестиция дастурига мувофиқ 36 объектда 70 миллиард 250 миллион сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Вилоятдаги даволаш-профилактика муассасалари 545 минг доллар миқдоридаги "Саломатлик 3" лойиҳаси ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 4 миллиард 8 миллион сўмлик замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди.
Алимова Гавҳар Зайировна вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси этиб тасдиқланди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Мусаев иштирок этди.