Сохта учувчи ва қойилмақом фирибгар Фрэнк Абигнейл қиссаси

Ўтакетган фирибгар бўлиб туғилиш мумкинми? Бу жуда камдан-кам содир бўлса керак. Бугун ўз фирибгарлигини 16 ёшида бошлаб, 21 ёшида тугатган, кейин ФБҚ ва кўплаб банкларга ёрдам берганлиги учун раҳбарият уни ҳаддан ташқари қадрлаган қаллоб ҳақида сўз юритамиз. Танишинг, ўз алдовларини мисли кўрилмаган илҳом билан амалга оширган Фрэнк Абигнейл!

У жуда эрта бошлади
Фрэнк Уильям Абигнейл 1948 йилда Нью-Йоркнинг Бронкс шаҳрида дунёга келди. Ота-онаси 15 ёшида ажрашишганидан сўнг у отаси ва ўгай онаси билаш яшашига тўғри келди. 16 ёшида АҚШ ҳарбий-денгиз флотига хизматга кирган ўсмир уч ойдан камроқ вақт ўтгач, ҳужжатларни қалбакилаштиргани учун ишдан бўшатилди.

Асосийси, ҳар бир ишдан мароқ олиш
Ёш товламачи Нью-Йоркка йўл олди ва дарҳол ўзининг ғайриоддий катталарча кўринишидан фойдаланиб, ҳужжатдаги битта рақамни ўзгартириб, ўзига 10 йил қўшди. Эрта оқарган сочлар, баланд бўй ва юз ифодаси ҳеч кимда шубҳа туғдирмади: уларнинг қаршисида турган 26 ёшли йигит дарҳол банк ҳисобини очишга киришди. Ўшанда у бир зумда оддий, аммо самарали фирибгарлик схемасини тузиб чиқди. Кейинчалик у бу ишларнинг қанчасини қилганини ҳисоблаш қийин, бироқ бошланиши ҳеч қандай тўсиқсиз амалга ошди.
Фрэнк Абигнейл бойиб кетишни хоҳларди. Баъзида ҳатто пулнинг ўзи ҳам эмас, унга содда фуқароларни алдаш жараёни ёқарди. Унинг онги доимо янги ғояларни ўйлаб топарди. Масалан, учувчи бўлгиси келган йигит АҚШ йирик авиакомпанияси самолётларининг бирида учиш пайтида гарчи учувчининг бевосита масъулияти бўлса-да, самолётни бошқаришга “ҳаракат” қилди. Фрэнк меҳмонхона бизнесининг афзалликларидан бепул баҳраманд бўлар, учувчи сифатида ишлар, шунингдек янги фирибгарликларни ўйлаб топиш учун бўш вақт ҳам топарди.

Кўп қиррали Фрэнк

Машҳур фирибгар нафақат учувчи, балки шифокор, ҳуқуқушунослик фирма ходими ва ҳатто университетда ўқитувчи бўлиб ҳам ишлашга муваффақ бўлган. У оддийгина ўзгарарди. Масалан, бир гал ҳеч тап тортмай кечаси трафаретда “Кечки омонат кассаси бузилган, пулларни тўғридан-тўғри қўриқчига қолдиришингиз мумкин” деб ёзиб, почта қутиси билан банк биноси ёнида ўтириб олди. Ажабланарлиси, қирққа яқин мижоз ҳеч қандай шубҳа қилмасдан, ўз пулларини Абигнейлга қолдириб кетишди. Товламачининг ҳаётида шунга ўхшаш воқеалар жуда кўп.

Ҳамма нарсани ўз фойдасига ўгирди

Абигнэйл ўтган асрнинг 60-йиллари охирида қўлга олинди. Олдинги иш жойида у билан кесишган француз авиакомпанияси ходимларидан бири уни таниб ҳуқуқ-тартибот ходимларига хабар берди. 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Фрэнк жазо муддатининг атиги учдан бир қисмини ўтади ва федерал тергов бюросига қалбаки пул яратганларни аниқлашда ёрдам бериш учун чақирилди. Қамоқдан кейин ҳалол ҳаёт кечиришга ҳаракат қилган Абигнейл узоқ вақт иш топа олмади. Шунда у банкларга молиявий хавфсизлик тизимидаги “ёриқлар” ҳақида маслаҳат бериш ғоясини ўйлаб топди. Биринчи маслаҳатлари шунчалик самарали бўлдики, тез орада улар собиқ товламачини ёллаш учун том маънода навбатга тура бошлашди.

Собиқ товламачи энди фирибгарликларни ўйлаб топмайди, балки уларни фош қилади. У ўзининг ўткир ақлидан фойдалана олишидан хурсанд. Ҳа, энди у баррикадаларнинг нариги томонида туради ва ўз ҳаётини янада қизиқарли деб ҳисоблайди. Айнан қизиқарли ҳаёт Абигнейл учун ҳар доим, у нима билан шуғулланишидан қатъий назар муҳим бўлганга ўхшайди.
Фрэнк Абигнейл ҳаёти тўғрисида 2002 йилда Голливудда “Агар тута олсанг” номли фильм суратга олинди. Буюк ёлғончининг ўзи ҳам бу фильмда эпизод роллардан бирини ўйнаган.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.