Спорт хабарлари: шахмат, эркин кураш, стол тенниси, муайтай
Шахмат. Пастдарғомлик шахматчи Гулдона Каримова 18 ёшлилар ўртасида Осиё чемпиони бўлди ва мазкур натижаси билан аёллар ўртасида халқаро спорт устаси унвонини олди.
Эркин кураш. Таиланднинг Сирачи шаҳрида спортнинг эркин кураш тури бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Самарқанд олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ўқувчиси Шоҳиддин Алиев 57 килограмм вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритди.
Стол тенниси. “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида спортнинг стол тенниси тури бўйича ўтказилган мусобақанинг республика босқичи 22-26 ёш тоифасида қизлар ўртасидаги баҳсида Пайариқ тумани Маниобод маҳалласидан Сарвиноз Бозорова, пара енгил атлетика бўйича Нуробод тумани Олға маҳалласидан эркаклар ўртасида Амир Сафаров, пара шахмат бўйича хотин-қизлар ўртасида Нарпай тумани Тоткент маҳалласидан Муниса Тошмаматова биринчи ўринларни эгаллади ва уларнинг маҳалласига замонавий спорт майдончалари қуриб бериладиган бўлди.
Муайтай. Наманган вилоятида муайтай спорт тури бўйича катталар ва ёшлар ўртасида "Ёшлар иттифоқи раиси" кубоги республика турнири ўтказилди.
Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 400 нафар спортчи, 54 вазн тоифасида баҳс олиб борди. Мусобақа якунига кўра, умумжамоа ҳисобида вилоятимиз спортчилари биринчи ўрин билан кубокни қўлга киритди.
Кураш. Тошкент вилоятида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида спортнинг кураш тури бўйича “Кураш - миллий ғуруримиз” шиори остида ўтказилган республика турнирида вилоятимиз жамоаси 1 та олтин, 1 та кумуш ва 7 та бронза медалига сазовор бўлди.
Бекзод АҲМЕДОВ.