Суд мажлисларида оммавий ахборот воситалари вакиллари белгиланган тартиб асосида иштирок этади
Судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини ошириш мақсадида суд муҳокамаси ошкоралиги ва судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур шароит яратилиши лозим.
Судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини фуқароларнинг тили, жинсий, ирқий, миллий мансублиги, диний, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеига қараб чеклашга йўл қўйилмайди.
Ўз навбатида суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолиятига доир ахборотни олиш суд ишларини юритиш вазифаларини амалга оширишга хизмат қилиши ва судлов фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга олиб келмаслиги лозим.
Оммавий ахборот воситалари муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга (босим ўтказишга) ҳақли эмас.
Судья эса суд қарори қонуний кучга кирмаган иш бўйича интервью беришга ёхуд оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишга ҳақли эмас.
Иш муҳокамаси тўлиқ ёки қисман ёпиқ суд мажлисида ўтказилишига фақат қонунда назарда тутилган асосларга кўра йўл қўйилади. Бунинг учун суд асослантирилган ажрим чиқариши ва унда процесс иштирокчилари бўлмаган шахсларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд мажлиси залига эркин киришига тўсқинлик қиладиган аниқ ҳолатлар кўрсатилиши керак.
Иш ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиниши тўғрисидаги маълумот ҳамма учун очиқ бўлади.
Қонунга кўра, очиқ суд мажлисини фототасвирга тушириш, видеоёзувни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида трансляция қилишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:
- фуқаролик ишини кўриш пайтида суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
- жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан.
Очиқ суд мажлисида аудиоёзувни амалга оширишга қуйидаги тартибда йўл қўйилади:
- фуқаролик ишини кўриш пайтида суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;
- жиноят иши ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан.
Суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ҳар қандай иш бўйича эркин тарзда ёзма қайдлар қилишлари, стенограмма юритишлари, иқтисодий иш ёки маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан иш кўрилаётганда эса, шунингдек, аудиоёзув олиб боришлари мумкин.
Процесс иштирокчилари илтимосномаларини, оммавий ахборот воситалари вакиллари мурожаатларини қаноатлантириш ёки рад этиш ҳақида суд жойида ажрим чиқаради ва суд мажлиси баённомасига киритади.
Суд оммавий ахборот воситалари вакилларини тарқатилаётган ахборотнинг тўғрилиги, ҳаққонийлиги, холислиги ва ишончлилиги учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантиради ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида ёзиб қўйилади.
Суд мажлисида қатнашиш учун келган шахслар, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд биносига кириши суднинг ички фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатлар билан ўрнатилган қоидаларга қатъий риоя қилинган ҳолда таъминланиши лозим.
Чет давлатлар оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залига улар Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим этган тақдирда киритилади.
Процессуал қонун талабларига мувофиқ, фуқаролик, жиноят, иқтисодий, маъмурий ишлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриш натижаси бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари, суд муҳокамаси очиқ ёки ёпиқ тарзда ўтказилишидан қатъи назар, ошкора эълон қилинади, қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Ориф Пардаев,
Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.