Тадбиркор доим ҳақми? Булунғурда 9 йиллик муаммога қандай ечим топилади?
Халқимизда “Мол аччиғи - жон аччиғи”, деган нақл бор. Аммо замона зайли билан бу нақл ер аччиғи – жон аччиғи қабилида ўзгаргандек назаримизда. Бу хулосага келишимизга Булунғур туманида яшовчи тадбиркор Хўрозбой Якубовнинг мурожаати сабаб бўлди.
2011 йил 15 июлда Булунғур тумани ҳокимининг 365-Қ-сонли қарори билан Булунғур шаҳри Соҳибкор кўчасидан Хўрозбой Якубовга 96 квадрат метр майдонда замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талаблари асосида икки қавватли хусусий савдо дўкони қуришга рухсат берилган. Шу билан бирга қайта қуриш ишларини шаҳарсозлик талаблари ҳамда тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари асосида 1 йил муддатда амалга ошириш, қурилиш ишлари тугалланганда бинони туман кадастр хизматидан қайтадан рўйхатдан ўтказиш ва ҳудуд атрофида кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш вазифаси юклатилган.
Мурожаатни ўрганиш учун Булунғурга борганимизда Х.Якубовни савдо дўконидан топмадик, дўкон ходимлари телефон орқали боғланишганда у киши аввал уйда эканлигини билдирди. Сўнгра мурожаатингиз бўйича ўрганишга келишибди, деган гапдан кейин Самарқанд шаҳрида эканлигини билдирди. Хуллас, кеч соат 18 дан кейин Х.Якубов билан учрашдик.
- Бинони туман ҳокимининг 2011 йилдаги қарори билан қурдим ва менга бино атрофини кўкаламзорлаштириш вазифаси ҳам юклатилган, - дейди Х.Якубов. – Аммо тадбиркор Ғулом Бойбеков бир нечта мансабдорлар иштирокида далолатнома тузиб, ҳокимнинг захирага олиш, ер бериш тўғрисидаги қарорисиз ободонлаштиришим керак бўлган майдонни эгаллаб олди. Қонунчиликка кўра ер ҳокимнинг қарори билан берилиши керак эди. Натижада у менга вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси томонидан берилган лойиҳада кўрсатилган ишларни бажаришимга тўсқинлик қилди. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган жой бўйича туман ҳокимлиги, туман, вилоят прокурорлари, вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилдим. Улар мурожаатимга эътиборсиз қараётганлиги ва чора кўрмаганлиги туфайли вилоят ҳокимининг қабулида бўлиб муаммони билдирдим. Ҳоким топшириғи билан вилоят адлия бошқармаси масъуллари бошчилигида комиссия келиб масалани ўрганди ва ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олди, деган факт ўз тасдиғини топди, лекин ҳозиргача ҳеч қандай чора кўрилмади. Бу масала дастлаб Жомбой туман иқтисодий судида, сўнг вилоят иқтисодий судида кўрилди, бироқ ер ҳоким қарорисиз берилганлигига эътибор қаратмасдан қарор чиқаришди. Мен кўкаламзорлаштиришим керак бўлган майдонни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолати бўйича вилоят ҳокимига такроран мурожаат қилдим.
Тадбиркор айтганидек, бино 2011 йилда қурилиб ишга туширилган, аммо иккинчи қавати ҳамон фойдаланилмасдан келинмоқда. Туман ҳокимлиги 2012 йилда тадбиркор қонуний асосда қурган бинони ўз ҳисобидан бузиб, шаҳарсозлик талаблари асосида қайта қуриш бўйича фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судига даъво аризаси киритган. Нега?
Биз бу савол билан туман ҳокимлиги мутасаддилари, хусусан, туман бош архитектори Тўлқин Мусаевга мурожаат қилдик.
- Тумандаги соҳа мутахассислари иштирокида бино ўрганилганда қурилиш қоидаларини бузиб икки қаватли бино сифатсиз ва чидамсиз материаллардан қурилганлиги ва қарорда белгиланган талаблар бажарилмаганлиги аниқланиб, судга ариза киритилган, - дейди туман бош архитектори Т.Мусаев. – Қарор бўйича тадбиркорга 96 квадрат метр ер майдони ажратилган, лекин у қарор талабларини бузган ҳолда 121 квадрат метр, яъни 25 квадрат метр ортиқча майдонда хусусий савдо дўкони қурган. Бунинг устига қурилишда сифатсиз материаллардан фойдаланилганлиги аниқланди. Шу боис фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди ва вилоят суди Х.Якубовга хусусий савдо дўконини ўз ҳисобидан бузиб, белгиланган жойда шаҳарсозлик талаблари ҳамда тасдиқланган лойиҳа асосида қайта қуриш ва капитал реконструкция қилиш мажбуриятини юклатган. Бу ҳақда туман архитектура ва қурилиш бўлими, туман Халқ қабулхонаси ходимлари иштирокида бино бир неча бор ўлчаниб, далолатнома тузилган. Кўриниб турибдики, тадбиркор ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириши лозим бўлган майдонга ҳам бино қурган.
Фуқаролик ишлари бўйича вилоят судининг 2012 йил 28 июндаги кассация инстанциясининг ажримида ҳам 2012 йил 15 майдаги қарор ўз кучида қолдирилган. Юқорида айтганимиздек, туман ҳокимининг қарори билан Х.Якубовга хусусий савдо дўкони қуриш ва атрофини ободонлаштириш учун 96 квадрат метр ер майдони ажратилган бўлса-да, тадбиркор 121 квадрат метрга, яъни белгилангандан 25 квадрат метр ортиқча майдонни ноқонуний эгаллаб қурилиш қилган. Демак, тадбиркор ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириши лозим бўлган майдонга бино қуриб, лойиҳада кўрсатилмаган ҳолда бинонинг олд қисмига айвон ҳам қилган. Бу масала туман, вилоятдаги масъул идоралардан иборат ишчи гуруҳ, комиссиялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳам билдирилди. Бир неча суд қарорларида ҳам Х.Якубовга бинони ўз ҳисобидан бузиб, шаҳарсозлик талаблари асосида қайтадан қуриш мажбурияти юклатилган. Аммо тадбиркор бинони белгиланган талабга мослаштирмаганлиги туфайли ушбу бино қурилганига 9 йил ўтган бўлса-да кадастр идорасида ҳам, солиқ идорасида ҳам рўйхатга олинмаган. Аммо у савдо фаолиятини амалга ошириб келмоқда.
Бино учун ер ва мулк солиқлари қандай тўланаётганлиги тўғрисида маълумот олиш учун туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғига бир неча бор қўнғироқ қилиб боғлана олмадик. Шундан сўнг туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари А.Жабборов орқали олган маълумотимизга кўра, Х.Якубов 2019 йил 1 февралдан якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни амалга оширмоқда, нотурар объектга 2019 йил учун 1541176 сўм ҳисобланиб, 2 миллион 750 минг сўм тўлаган ва қарздорлиги йўқ, деган жавоб берилди. Бино фойдаланишга қабул қилинмасдан кадастр ҳужжати тайёрлаш, солиқ идораси рўйхатига олинмаса ҳам бўларкан-да ёки фақат Булунғурда шундаймикан, билолмадик?
Тадбиркор айтаётган “ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган Ғ.Бойбеков” туман ҳокимининг 2015 йил 6 февралдаги 119-Қ сонли қарорига асосан “Булунғур деҳқон бозори” ҳудудида (Амир Темур ва Соҳибкор кўчалари ўртасида) жойлашган қишлоқ хўжалигида фойдаланилмай турган туман захира ерларидан “Ғуломжон” фирмасига турғун савдо нуқталари қуриш учун 350 квадрат метр, автомобиллар тўхташ жойи қуриш учун 0,20 гектар ер майдони ажратилган. 2018 йилда фирманинг ўз маблағлари ҳисобидан қурилган бино фойдаланишга қабул қилиниб, кадастр ва солиқ идоралари базасига киритилган. Вилоят архитектура ва қурилиш бошқармасининг 2015 йил 18 сентябрдаги 766-сонли архитектура режалаштириш топшириғига асосан ажратилган ер майдони мутахассислар иштирокида ўлчанганда 1960 квадрат метр эканлиги аниқланган. 2017 йил 4 декабрда туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи доимий ишчи комиссиянинг далолатномасига асосан фирма биносининг ғарб томонидаги умумий фойдаланишда бўлган ердан 40 квадрат метр майдон ишчилар учун ошхона ва қоровулхона қуриш учун ҳокимнинг юқоридаги қарорига асосан ажратиб берилиб, ер участкаси чегарасига ўзгартириш киритилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 2019 йил 22 февралдаги Х.Якубовнинг мурожаатига йўллаган жавоб хатида ҳам ер қонуний тарзда ажратилганлиги кўрсатилган.
Юқорида келтирилган далолатнома қанчалик қонуний ёки ғайриқонуний эканлигини ҳуқуқ идоралари ходимларига ҳавола этамиз, лекин 2011 йилда бинони қуриб ишга туширган Х.Якубовга дўкон атрофини кўкаламзорлаштиришга яна неча йил керак бўлган?
- Шу масала юзасидан бир неча бор судларда қатнашдик, тегишли мутахассислар келиб ажратилган ер майдонини ўлчашди, тўғриси, ўз ишимиз қолиб кунлаб турли идораларда юрган пайтларимиз кўп бўляпти, - дейди “Ғуломжон” фирмаси раҳбари Отабек Бойбеков. – Биноларимиз қонун талаблари асосида, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тасдиқланган лойиҳа асосида қурилган, лекин Х.Якубов ҳар сафар турли важлар билан ишимизга халал беради, негалигига ҳайронман.
Вилоят ҳокимининг топшириғи билан вилоят адлия бошқармаси бошлиғи бошчилигида масалани ўрганган ишчи гуруҳ хулосасида Х.Якубов туман ҳокимининг қарорини бузган ҳолда 117 квадрат метр жойда қурилиш қилганлиги кўрсатилган. Бунинг устига лойиҳадан четлашган ҳолда бинонинг ички қисмида қурилиши лозим бўлган зинапоя 13,5 квадрат метр пиёдалар йўлагидан қурилган, 64 квадрат метр жойда ноқонуний айвон, умумий қурилиш ости майдони 96 ўрнига 195 квадрат метр эканлиги қайд этилган.
“Ғуломжон” хусусий фирмаси томонидан 350 ўрнига 567 квадрат метрда қурилиш ишлари бажарилганлиги кўрсатилган. Демак, “Ғуломжон” фирмасида ҳам қарордан ортиқча 217 квадрат метр қурилиш қилингану, айрим мутасаддилар буни эътибордан четда қолдиришган.
Масаланинг яна бир баҳсли томони Х.Якубовнинг савдо дўкони ва “Ғуломжон” фирмасининг ишчилар учун қурилган ошхона биноси оралиғидаги 23 квадрат метр жой бўлмоқда. Бу жойни Х.Якубов лойиҳа асосида кўкаламзорлаштириладиган майдон сифатида қараб, девор тортган. 2018 йилда фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди ва туман иқтисодий судининг ҳал қилув қарорларига асосан икки бино орасидаги 23 квадрат метр майдон Х.Якубовнинг ноқонуний эгалигидан “Ғуломжон” кўп тармоқли савдо ишлаб чиқариш хусусий фирмаси ихтиёрига ўтказилган.
Шу ҳудудда кўплаб савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш манзиллари жойлашган ва аксариятининг майдони 20-30 квадрат метрдан ошмайди. Лекин улар ҳам элга хизмат қилиб, ўзига яраша ризқ-насиба топмоқда. Аммо Х.Якубовнинг ортиқча майдонда қурилиш қилгани, бунинг устига йиллар давомида бинони солиқ ва кадастр идорасидан рўйхатдан ўтказмай келаётгани ҳалол тадбиркорлик белгисими?
Ер кимнингдир шахсий мулки эмаски, хоҳлаган киши ўз манфаати йўлида фойдаланса. Тўғриси, иш ҳужжатларидан ҳам кўринадики, туман ва вилоятдаги масъул ташкилотларнинг деярли барчаси бу масалани ўрганган, тадбиркорга тушунтирган. Аммо...
Одамлар орасида тадбиркорга халқ дардини тушунувчи, эл юкини енгиллатувчи, юрт фаровонлигига ҳисса қўшувчи инсон сифатида қаралади. Лекин эл хизматига бел боғлаган, одамлар ҳавас қиладиган тадбиркорлар йиллар давомида адоватлашиб юрса, бошқалар кимга ҳавас қилади? Аслида бу тадбиркорлар “Давлат сенга ишонч билдирди, ер берди, мулкдор бўлдинг, сен бунга жавобан унга қандай наф келтирдинг? Қанча солиқ тўладинг? Нечта иш ўрни яратдинг? Кимга фойданг тегди?», деб ўзига савол берармикан? Ахир кўпчилик кишилар тадбиркорлик қилиб одамларнинг фаровон турмуш кечиришига кўмаклашяпти, давлат ва маҳаллий бюджетга маблағ туширяпти. Меҳнати, ҳаракати билан ўзини ҳам, давлатни ҳам бой қиляпти. Ким бўлмасин, савдо ходимими, ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорми, ана шу фикрни танасида ҳис этмаса тадбиркорлик масъулиятини ҳам, завқини ҳам билмайди. Бундан Х.Якубов ҳам, О.Бойбеков ҳам ўзларига тўғри хулоса чиқарса яхши бўларди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
“Зарафшон”нинг махсус мухбири.