Тадбиркор муаммоси юзасидан қаерга мурожаат қилади?

Шу ойда давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан учрашув ўтказади. Шу боис ҳудудлардаги тадбиркорлар ўзини қийнаётган, фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётган муаммолар билан Президентга мурожаат қилиши белгиланган.

Шу мақсадда вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармасида тадбиркорликни қўллаб-қуватлаш ва мурожаатларни ўрганиш штаби ташкил этилди.

- Жорий йилнинг 21 июлида ташкил этилган штабга молия, солиқ, божхона, Савдо-саноат палатаси, Марказий банк вилоят бош бошқармалари каби 8 та масъул ташкилотдан вакиллар бириктирилди, - дейди штаб аъзоси Жасур Ашуров. – Тадбиркорларимиз штабга бевосита бириктирилган (66) 230-48-52 телефон рақамига қўнғироқ қилиб мурожаат қилишлари мумкин. Бундан ташқари, Президент портали, 1100 қисқа рақамлари ва ижтимоий тармоқлар орқали қилинган мурожаатлар ҳам вилоят штабига йўналтирилмоқда.

Ҳар бир мурожаат тегишлилиги бўйича вилоятдаги 64 та бошқарма ташкилотлари ва 16 та маҳаллий ҳокимликка юборилмоқда. Дастлабки кунларда саноқли мурожаат келиб тушган бўлса, кейинги кунларда ўртача 100 тадан мурожаат бўлмоқда. Ҳозиргача тадбиркорлардан 900 га яқин мурожаат тушган бўлса, улардан вилоятга тегишли 391 таси (45 фоизи) ижобий ҳал этилди. 467 та (52 фоиз) мурожаат ўрганиш жараёнида, 1 фоизи рад этилди ва 2 фоиз мурожаатлар республика даражасида ўрганилмоқда. Яъни, Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, Марказий банк билан боғлиқ масалалар алоҳида тартибда ўрганилади. Мурожаатларнинг асосий қисми ер, кредит олиш, “снос”лар билан боғлиқ бўлмоқда, қонунларга ўзгартириш киритиш бўйича ҳам бир нечта таклифлар келиб тушди. Ҳар бир мурожаат тегишли мутахассислар иштирокида жойида ўрганилиши назорат қилиниб, штабга маълумотлар жамланмоқда. 

Ў.Худойбердиев,

Б.Мустанов (фото).