Танзила Норбоева Светлана Ортиқовани табриклади

7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари Светлана Ортиқова Бош прокурор ўринбосари лавозимига тайинлангани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева facebook‘даги саҳифаси орқали собиқ ўринбосарининг прокуратура органларига қайтиши муносабат билан табриклади.

"Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар даврида аёлларнинг юқори, яъни қарорларни қабул қилиш даражасида иштирок этишини таъминлашда юқори лавозимларга тайинланиши айниқса муҳимдир.

Ўйлайманки, Светлана Ортиқованинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан Бош прокурор ўринбосари лавозимига тайинланиши мамлакатимизда эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг яққол далилидир.

Амалий фаолиятимдан келиб чиққан ҳолда айтишим мумкинки, гендер тенглиги таъминланиб, аёлларнинг мартабаси ўсиши учун шароитлар яратилаётган тизимларда иш самарадорлиги ва кўрсаткичлари юқори бўлади.

Ҳурматли Светлана Боймирзаевна!

Самимий табрикларимни қабул қилинг!

Сизга ушбу муҳим давлат лавозимида куч-ғайрат, фаолиятингизда ўзингизга хос қатъийлик билан мамлакатимиз равнақи йўлидаги келгуси ишларингизда улкан муваффақиятлар тилайман!", деб ёзган Танзила Норбоева.