Тарихимизни ўрганамиз: Омонхона, Омонқўтон, Омондара, Хўжа Омон...

Айтишларича, буюк бобокалонимиз Амир Темур ҳазратларининг аскарлари Бойсун йўли орқали ўтаётганида улар орасида қандайдир касаллик тарқалибди. Шунда  уларнинг назари кимсасиз куруқликдаги тош мағзидан сизиб чиқаётган булоқ сувига тушибди. Ундан ичишганда ногаҳон ёпишган дарддан фориғ бўлишибди. Шундан ўша қишлоқнинг номи Омонхона, деб аталибди. 

Худди шунга ўхшаш ривоятлар Тахтиқорача довонининг йўл бошидаги “Омонқўтон”, Ургут туманидаги Қуйи Чинор мавзеидаги “Хожа Омон” дея аталадиган манзиллар ҳақида ҳам оғиздан оғизга кўчиб юрибди. Юқорида санаб ўтилган жой номларининг шу ердаги тоғ ғорлари билан боғлиқлиги бизни ўзгача фикрлашимизга туртки берди. Ўзбек тили луғатидаги “амо” сўзи кўрликни, зулматни англатса, “амон”нинг икки маъноси борлигини кўрамиз. Булар: хавфсизлик, осойишталик ва нажот, қутулиш, халос бўлишни англатади. Қўшма сўздан таркиб топган бу жой номлари ичида келган “хона” ва “қўтон” сўзлари уй, бошпананинг маънодошларидир. 

Мир Алишер Навоий демишлар:

Жаҳон аҳли нифоқидин қаён борсам эмон эмин,

Тилармен ул жаҳонни топқамен шояд амон онда.

Бизнингча, бундан ҳисса шуки, ибтидоий даврлардаёқ бу жойлар маҳаллий кишилар истиқомати учун табиат яратган манзилгоҳ ва йўл ўткинчилар учун ёғин-сочиндан, зарур ҳолатларда хавф-хатардан сақланадиган манзил хизматини ўтаган. Археолог олимларнинг Омонқўтондан қўлга киритган қадимий топилмалари ҳам фикримизни қувватлайди.

Ургутдаги Хожа Омон дея аталувчи жойда ҳам тоғ бағрида бўшлиқ мавжудлиги “омон” атамаси ғорга нисбат эканлигидандир.

Паст Дарғомдаги Омондара, Фориш туманидаги Омондарасой атамаларининг ясалишида ҳам шу ҳолат сабаб бўлиши мумкин.

Ғайбиддин Фазлиев,

фахрий ўқитувчи.