Телефонни аслида ким яратган?
“Ватсон, мени эшитяпсизми, - деди Белл. - Агар эшитаётган бўлсангиз деразага келиб шляпангизни силкитинг!”. 1876 йил 10 март куни айтилган бу жумла телефонда янграган биринчи ибора бўлиб қолди.
Ҳали 200 йилча муқаддам одамлар телефон нималигини тасаввур хам этиша олмасди. Илгари масофага хабар узатишда тутун, ҳуштак, бонг, ноғора, қўнғироқ чалишдан, узоқроққа хабар беришда оралиқ манзиллар, чопарлардан фойдаланилган.
XVII аср бошларида итальян Жоваини Порта сўзлашув карнайини лойиҳалаштирган. Аммо унинг ўйлагани амалга ошмаган.1837 йилда Самуэл Морзе томонидан телеграф ҳарфларини кашф этилиши ахборот узатиш технологиясининг чўққиси ҳисобланган. Сим орқали сўзлашув имконияти пайдо бўлгач, ақлбовар қилмас шов-шув кўтарилган. Телефонни кашф этилиши жаҳон миқёсида ҳайратомуз воқеа эди. Табиийки, бу бир қанча қарама-қарши фикрларни пайдо бўлишига олиб келди. 1850 йиллар бошида итальян, врач Антонио Меуччи гўёки электр токи одамлар саломатлигига ижобий таъсир этишини аниқлайди ва генератор яратиб, хусусий амалиёт хона очади.
Бир куни Меуччи мижоз лабига сим улайди ва ўзи наридаги генератор ўрнатилган хонага ўтади. Врач қурилмани ишга туширганида мижозни худди олдида ўтиргандек аниқ энтикканини эшитади. Меуччи табибликни ташлаб, қурилмасида тажриба ўтказишга киришади. 1870 йилда у аппарат чизмасини яратади ва уни “Телетрофон” деб атайди. Аппарат “Белл карнайи”га жуда ўхшарди.
1871 йилда итальян ўз ихтиросини патентлашга қарор қилди. Аммо бунга муваффақ бўлолмади. Миш-мишларга қараганда, ўша Александр Белл ишлаётган “Western Union” компанияси буюртмасига кўра ихтиро ўғирланганмиш... Бироқ, миш-миш ўз йўлига, унга ишониш-ишонмаслик ҳар кимнинг ўз иши.
1860 йилда мактаб ўқитувчиси, немис физиги ва ихтирочиси Иоганн Филипп Рейс гальваник ток воситасида овоз ва мусиқани 100 метр масофага узатадиган қурилма яратади ва уни биринчи марта “Телефон” деб атайди. Аммо у ўз аппаратига патент олишга эриша олмади, унга Белл, Эдисон ва Грей эътибор қаратишди. Ва 1876 йил 7 мартда америкалик Белл “Телеграф моделини такомиллаштириб, унга патент олди.
Гап шундаки, телефон яратиш Белл томонидан умуман режалаштирилмаган. Унинг мақсади телеграфни такомиллаштириш эди. У бир вақтнинг ўзида 5 та телеграммани узатишга эришишга интилганди. Иш жараёнида турли частотали пластинка яратилди. Улардан бири кутилмаганда ишдан чиқди. Беллнинг ёрдамчиси Жон Ватсон жаҳл билан сўкина бошлади. Ўша пайтда узоқроқдаги хонада қабул аппарати ёнида бўлган Белл аппаратда унинг овозини эшитди... Ўша воқеадан бошлаб биринчи телефон яратилиши тарихи бошланади. Унда қўнғироқ йўқ эди. Буни кейинроқ Белл ёрдамчиси, ўша Жон Ватсон ихтиро қилди. Микрофонни эса Томас Эдисон такомиллаштирди.
Белл расмий равишда “Телефон отаси” сифатида тан олинди. У ҳаддан ташқари бойиб кетди, унинг патенти ўша пайтда дунёда энг даромадли бўлганди. Аммо кечикиб бўлса-да ҳақиқат қарор топди: кутилмаганда 2002 йилда АҚШ конгресси телефонни яратган Белл эмас, Антонио Меуччи эканлигини тан олди ва телефон ихтиро қилинган аниқ вақт 1860 йил экани қайд этилди.
Ўз вақтида патент олишга уринганида Антонио Меуччи кексайиб, ўта қашшоқлашиб қолганди. “Western Union” компанияси унинг чизмалари ва ишланмаларини сотиб олмоқчи эди, бироқ олим ўзи патент олишни хоҳларди, аммо бунинг уддасидан чиқа олмади. Александр Беллнинг телефон ихтирочиси сифатида тан олиниши Меуччини карахт қилиб қўйди. У Белл билан ҳатто судлашди, бироқ ютқазди. 1887 йилда судлашиб патентни қўлга киритишга бўлган уриниши яна зое кетди, ютқазди. У қашшоқликда, ном-нишонсиз ўлиб кетди. 2002 йилда тарихий хақиқатни қарор топиши телефонни ихтиро қилган Антонио Меуччи даҳосига эҳтиром бўлди. Бироқ буни фақат Италия тантана қилди, жаҳондаги бошқа мамлакатлар эса сукут сақлашди. Улар телефон ихтирочиси “Беллга, фақат унга тегишли” деган фикрдан воз кечишни исташмади.
Рус тилидан Т.Шомуродов таржимаси.