Тиббиётчилар туманларда нимани тарғиб қилишяпти?

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд давлат тиббиёт институти ташаббуси билан институтнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларидан тузилган тарғибот гуруҳи Иштихон ва Пайариқ туманларида бўлиб, аҳоли билан учрашди ва тиббий кўриклар ўтказди.

Улар туманлардаги маҳалла ва қишлоқларда давра суҳбатлари ташкил этиб, аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ҳамда тўғри овқатланиш мавзуларида маърузалар қилишди.

- Аҳоли ўртасида ташкил этилган қатор тиббий кўрикларда, хусусан, аёллар ва болалар ўртасида ошқозон-ичак, қандли диабет, юрак-қон томир, кўз ва аёллар хасталиклари каби юқумли бўлмаган касалликларга чалинганлар сони кўпайганлиги маълум бўлган эди, - дейди СамДТИ проректори, доцент Н.Абдуллаев. – Шу сабабли гуруҳларимиз олдига аҳолини касалликлардан даволашдан кўра уни олдини олишни тарғиб қилиш асосий мақсад қилиб қўйилган. Шунингдек, саломатликни мустаҳкамлашда жисмоний фаолликни кучайтиришга кўпроқ аҳамият бериш лозим. Нафақат умумий овқатланиш масканлари ва таълим-тарбия муассасаларида, балки хонадонларда ҳам кишиларнинг овқатланишни тўғри ташкил этишига эътибор қаратишимиз керак.

Тиббий кўрик давомида кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар фарзандларига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун институтнинг 1-сон клиник шифохонасига тиббий йўлланмалар берилди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.