Тинч океанда 40 кун: Тами Эшкрафт узоқ вақт уммонда қандай қилиб жон сақлаган эди?

Кўнгилсиз воқеалар бизни ҳар жойда кутиб турган бўлиши мумкин. Ҳаётда бошқаларга қараганда экстремал спорт турлари билан шуғулланувчилар кўпроқ хавф остида бўлишларига тўғри келади, бироқ шахсий маҳорат ва доимий машғулотлар туфайли улар табиатдаги қарама-қаршиликлар билан юзма-юз туриб, муваффақиятли чиқиш имкониятига эга. Лекин баъзида бу ҳам етарли эмас, ҳодиса 1983 йилда икки яхтачи билан содир бўлди.

Америкалик қиз Тами Эшкрафт болалигидан елканли қайиқ спортига қизиқарди. Айнан шу ерда у британиялик Ричард Шарп билан танишди. Улар севишиб, оила қурмоқчи бўлишди. Тирикчилик қилиш учун баъзида пул эвазига эгаларининг кичикроқ саёҳат кемаларини бир жойдан бошқа жойга ўтказиб беришарди. 1983 йилда улар “Ҳазана” номли кемани Таити портидан Сан-Диего шаҳрига ўтказиб бериш буюртмасини олди. 30 кун давом этиши керак бўлган сафар ҳеч қандай мураккабликларсиз ўтиши керак эди, негаки, жуфтлик бундай қатновларни бир неча бор амалга ошириб турган. Афсуски, режалар фожиали тарзда барбод бўлди.

Йўлнинг ўрталарига келиб улар тўртинчи тоифадаги бўронга дуч келишди. Ричард штурвалда туриб узоқ вақт давомида имкон қадар яхтани барқарор ҳолатда сақлашга ҳаракат қилди. У Тамини баъзи асбобларни текшириш учун (балки унинг ҳаётини хавф остига қўймаслик учундир) кеманинг механизмлар ўрнатиладиган ва юк ортиладиган остки қисми – трюмга юборди. Афсуски, шу пайт яхта ағдарилди, Ричард том маънода қутқарув нимчасидан улоқтирилди, Тами Эшкрафт эса боши билан қаттиқ бориб урилди.

Тами ҳалокатдан бир кун ўтиб қоронғуликда, боши оғриган, юзлари қонга ботган ҳолда ўзига келди. Яқиндагина биргаликда ҳаёт режаларини муҳокама қилган бўлажак эри вафот этганини аниқ тушунган аёл дарҳол ўзини қўлга олишга ҳаракат қилди.

Ағдарилган яхтанинг двигатели ҳам, радиоси ҳам ишдан чиққан, кема мачтаси синган фақат навигатор асбоби бузилмаган экан. Озиқ-овқат захиралари ҳам оз миқдорда қолганди. Нима бўлса ҳам омон қолиш керак! Дастлаб кемани кучли тўлқинлар ва бутун юкни яхтанинг бир томонига ўтказиш орқали буриб олишга эришилди. Яхта қолдиқларидан соатига 2 тугун тезликда сузиб ўтишга имкон берадиган “вақтинчалик” мачта ва парус ясади. Тами навигация асбобидан қандай фойдаланишни биларди, шунинг учун у йўналишни режалаштира бошлади. Икки кишига мўлжаллаб олган захирадан энди бир киши овқатланиши керак, бундан ташқари овланган балиқ овқатланишнинг хилма-хил бўлишига қўл келарди. Шудринг ва ёмғир сувини йиғиш учун қурилган чодир ҳам яхши фикр эди. Шунга қарамай Тами ўз “саёҳат”и охирида 40 фунт (18 кг) вазнини йўқотди.

Энг қийини масаланинг психологик томони эди. Севгилисини йўқотиш азоби, шунингдек ҳар қандай хато ҳамма нарсани яна ўлим хавфи остига қўйиши мумкинлигини тушуниш унга бамайлихотир сузишга йўл қўймасди. Тами Эшкрафт доим ҳушёр туриб, масалани охирига етказишга муваффақ бўлди.

Расмий равишда чўккан деб тан олинган “Ҳазана” ҳалокатга учраганидан 40 кун ўтиб, Гавайи портига кириб борди. Тами Эшкрафт очлик, сурункали депрессия ва бошқа соғлиқ муаммоларига қарамай омон қолди.

Қизиғи, у елканли қайиқ спортини ташламади. Ҳатто кичик елканли кема капитани лицензиясини олди. Ўз саёҳати ҳақида у  «Red skу in morning» (“Тонгдаги алвон само” – таҳр.) китобини ёзди.

Фалокатдан 10 йил ўтгач, фожиали ҳикоянинг қаҳрамони турмушга чиқди, икки фарзанднинг онаси бўлди. Ҳозирда оила Вашингтондаги Сан-Хуан оролида яшайди.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.