Тожикистонда вояга етмаган 2,5 минг нафар қизнинг турмушга чиқишига рухсат берилди

Ўтган йили Тожикистон судлари 2,5 минг нафар вояга етмаган қизлар билан никоҳ тузилишига рухсат берди. Кўриниб турибдики, ҳар куни ўртача 6-7 нафар 18 ёшга етмаган қиз турмушга чиқмоқда. Бу маълумотларни ўтган ҳафтада Омбудсмен идораси Тожикистон Олий суди статистикасига асосланган ҳолда эълон қилди.

Мамлакат қонунларига кўра, никоҳ ёши 18 ёш дея белгиланган. Бироқ, истисно тариқасида, масалан эрта ҳомиладорлик ёки ота-оналарнинг оғир касаллиги туфайли суд қарори билан 17 ёшда никоҳдан ўтишга рухсат берилади.

Тожикистонда 2010 йили республика Оила кодексига қўшимча киритилди, унга кўра, қизлар учун никоҳ ёши 17 ёшдан 18 ёшга узайтирилди. Бироқ эрта ва мажбурий никоҳ ҳамон тожик жамиятида муаммолигича қолмоқда, сўнгги вақтларда эса совчилар 17 ёшдан катта бўлмаган қизларни қидиришмоқда.

Мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, ўтган йили вояга етмаган қизлар билан ноқонуний никоҳдан ўтиш билан боғлиқ 29 та факт фош қилинган.