"Тўртинчи сектор"да камбағалларга эътибор қандай бўляпти?
Коронавирус пандемиясининг салбий таъсиридан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида тегишли ёрдам чоралари кўрилмоқда.
Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи раҳбарлик қилаётган 4-сектор ҳудудида бу борада аҳоли бандлигини таъминлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пандемия даврида “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзолари оилавий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка, саноат ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига ва бошқа турли ишларга жалб қилинди. Доимий даромад манбаи яратилган 1290 оила камбағаллар рўйхатидан чиқарилган.
Ўтган ўн кун давомида ўтказилган қайта ўрганиш натижасида 915 оила эҳтиёжманд эканлиги аниқланган.
Ана шундай ўрганишлар натижасига кўра, вилоятдаги 4-сектор ҳудудида 7 минг 794 оила “Темир дафтар”га киритилган. Яқинда ушбу оилаларнинг ҳар бир аъзосига 220 минг сўмдан моддий ёрдам пули тарқатилди.
Самарқанд тумани Қавчинониболо маҳалласидаги Тўти Якубованинг оиласида 7 киши яшайди. Пандемия шароитида молиявий қийинчиликни бошидан ўтказаётган оиланинг 1 нафар аъзоси ногирон эканлиги сектор ишчи гуруҳи аъзоларининг эътиборидан четда қолмади. Шу боис, мазкур оилага 1 миллион 540 минг сўм нақд пул берилди.
- Сектор нималигини карантин жорий қилингач билдим, - дейди Т.Якубова. – Кейинги уч-тўрт ой давомида ҳолимиздан хабар олиб туришди. Давлатимиз раҳбари, қўли очиқ халқимиз омон бўлсин.
Ўтаётган ҳафта давомида 4-сектор ҳудудидаги оғир иқтисодий шароитни бошидан кечираётган оилаларга 7 миллиард 976 миллион сўм пул маблағлари тарқатилди.
Сектор штабидан олинган маълумотга кўра, Қурбон ҳайити арафасида ҳудуддаги 2 минг 263 та эҳтиёжманд оилага 2 миллиард 263 миллион сўм нақд пул берилган.