Тош асрда “қолиб кетган” қабилалар

Замонавий ҳаётнинг барча ҳузур-ҳаловати (ва камчиликлари)га ўрганиб қолган одамларнинг интернет, телефон, машиналар, дори-дармонлар ва бошқа кўпгина қулайликларсиз яшашини тасаввур қилиш қийин. Албатта ҳар бир кишида беихтиёр сайёрадаги бошқа одамлар ҳам шундай яшайди деган таассурот бор.

Ер юзида ҳали ҳам ривожланишда тош давридан олдинга силжимаган қабилалар мавжуд. Бундан ташқари, бу одамлар ўз ҳаётидан мамнун ва улар ўз турмуш тарзини бошқа бирор нарсага ўзгартирмоқчи эмас. Бу халқлар қаерда жойлашган ва нега улар ўзларини дунёдан бўлак қилиб олган экан?

Яномами

Бразилия шимоли ва Венесуэла жанубида 35 мингга яқин Яномами деб аталадиган қабилалар гуруҳи яшайди. Уларнинг баъзилари металл қуйиш ва тўқимачилик технологиясини билан таниш, бироқ кўпчилиги ҳайвонлар териси ва тош асбобларни маъқул кўради.

Улар овчилик ва тирикчилик учун ғамлаб қўйишга асосланган турмуш тарзидан мамнун. Аборигенлар балиқни заҳар билан овлайди, касалликларни эса ҳар хил гиёҳлар билан даволайди.

Яномамининг ташқи дунё билан алоқаси чекланган, чунки ҳиндулар асрлар давомида ўрнатилган ҳаёт тарзини ўзгартиришни хоҳламайди. Фақатгина пандемия даврида маҳаллий қишлоқлар аҳолиси дори-дармонга муҳтож бўлганида “бошқа дунё” шифокорларига мурожаат қилишига тўғри келган эди.

Ярава

Ҳинд океанида турли қабилаларга бошпана берган Андаман оролидаги Ярава қабиласи аждодлари бу ерга тахминан 50 минг йил олдин Африкадан келиб қолган.

Ҳозир қабилада 400 дан ортиқ одам бор. Ярава аҳли асал ва меваларни йиғади, камон билан ов қилади, маржон қоялар уларга балиқ овлаш имкониятини беради. 1990 йилларда Ҳиндистон ҳукумати уларга цивилизация афзалликларидан фойдаланиш бўйича ёрдам таклиф қилган, лекин маҳаллий аҳоли бу таклифни рад этган.

 Сурма

Эфиопиядаги Сурма қабиласи деярли яқин кунларгача цивилизация билан алоқа қилишдан қочиб келган.  Бироқ сўнгги ўн йилликларда улар лабларига ўрнатилган пластина туфайли дунёга машҳур бўлди.

Дунёда турли урушлар, бўлинишлар ва янгидан тақсимлашлар давом этар экан, бу халқлар дунёдан ажралган ҳолда, гуруҳларга бўлиниб чорвачилик билан шуғулланиб яшашда давом этиб келмоқда.

Сентинеллар

Андаман оролларида яна бир қабила яшайди. Олимларнинг фикрига кўра, улар ҳатто ўт ёқишни ҳам билмайди – овқат чақмоқ ёндириб қўйган дарахтлардан олинадиган чўғда пиширилади. Қабила ҳаётини ўрганишнинг иложи йўқ: Сентинеллар бегоналарни ичкарига киритмайди, уларга яқинлашган вертолёт ва қайиқлар ўқ ва найзалар дўлига дучор  бўлади.

Эндиликда Ҳиндистон ҳукумати томонидан маҳаллий аҳолига номаълум касалликларни юқтирмаслик ва шу билан бирга тадқиқотчилар ҳаётини хавф остига қўймаслик учун оролга бориш тақиқланган.

Сайёрамизда ҳали ҳам цивилизация заиф таъсир қилган ёки етиб бормаган жойлар етарли. Тош давридан унча фарқ қилмайдиган шароитда яшаб келаётган қабилаларнинг ўзлари эса бу дунёвий неъматларга умуман муҳтож эмас.

Баҳора тайёрлади.