Тўй-ҳашамларни тартибга солиш бўйича қарор кучга кирди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашлари 14 сентябрь куни тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни қабул қилган эди.

«Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Низом 2020 йил 1 январдан кучга кирди.  Эндиликда оилавий тадбирлар белгиланган қатъий талаблар асосида ўтиши лозим.

Жумладан:

- тўй, оилавий тадбирлар, маърака ва маросимлар (дафн маросимидан ташқари) фақат 1 кун бўлади;

- улар соат 6:00-23:00 оралиғида ўтказилиши лозим;

- тўйларда 200 нафаргача, ошда 250 нафаргача одам қатнашиши мумкин;

- қўшалоқ тўйда 250 нафар, ошда эса 300 нафаргача одам қатнашиши мумкин;

- келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетишида 3тадан кўп бўлмаган енгил автомашинадан фойдаланиш мумкин;

- дафн маросимларида чекланмаган одам қатнашиши мумкин (марҳум хотирасига бағишлаб ёзиладиган эҳсон дастурхони бундан мустасно);

- диний маърузалар белгиланган тартибда рухсат олган шахслар томонидан ўқилади;

- «келин навкари», «чарлар», «ота кўрди», «сеп ёйди», «қуда чақирди», «куёв чақирди», «келин чақирди», «тоғора юбориш», «пул сочиш» ва ҳоказо ишларни ўтказиш мумкин эмас;

- «етти», «пайшанбалик», «йигирма», «қирқ», «йил оши», «пул тарқатиш», «мато улашиш» ва ҳоказоларни ўтказиш мумкин эмас;

- тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 нафар ва ундан ортиқ шахслар иштирокида оилавий тадбирлар ўтказиш учун албатта шартнома тузилади;

- тадбирлардаги бошловчи (тамада) санъаткор, хонанда, видеочи, фотограф ва бошқалар билан шартнома тузилиши лозим;

- тадбирларда 2 нафардан ортиқ хонанда (гуруҳ) хизмат қилиши мумкин эмас.

Ички ишлар органлари профилактика инспектори фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда фуқаролар ўртасида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва камхарж ўтказишга, жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини аҳоли онгига сингдиришга, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг шуҳратпарастлик ва дабдаба билан ўтказилишининг олдини олишга қаратилган аниқ ва мақсадли профилактик тадбирларни ташкил этиши, шунингдек бундай тадбирлар давомида жамоат тартибини таъминлаши лозим.

Зайниддин Эшонқулов.