Трамп билан дўстлик, кенг шим ва атом бомбалар ёки Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг 10 йиллик ҳукмронлиги нима билан эсда қолди?
(Иккинчи мақола)
Инсон ҳуқуқларининг бузилиши
Ким Чен Ин инсон ҳуқуқларини мунтазам равишда бузишда айбланмоқда. Мамлакатда қатъий қонунлар мавжуд бўлиб, уларни бузганлик учун ўлим жазоси ёки меҳнат лагерларига сургун қилиш таҳдиди мавжуд. Омон қолганларнинг сўзларига кўра, маҳбуслар у ерда ғайриинсоний шароитда сақланади.
Шимолий Кореядан келган қочқин аёл Чжихен Пак ОАВларга берган интервьюсида маҳбуслар очликдан қийналиши, казармада деразалар йўқлиги сабабли ҳаво бўғиқ, даҳшатли ҳид тутганини айтиб берди. "Биз қочолмаслигимиз учун ялангоёқ ишлашга мажбур қилишарди", деб эслайди у. - Ювинишга имкон йўқ, дори беришмасди”.
Отто Вомбиернинг ҳикояси
Қамоқхона ходимлари қурбонлари нафақат Шимолий Корея фуқаролари, балки хорижликлар ҳам бўлган. 2016 йилда америкалик талаба Отто Вомбиернинг ҳикояси бутун дунёни ҳайратда солди: у Пхеньянга сайёҳлик гуруҳи билан келган эди. Хорижлик сайёҳлар тўхтайдиган “Янгакто” меҳмонхонасида у тарғибот плакатини узиб олди. Талаба “Корея халқи бирлигини бузишга уриниш”да айбланиб, 15 йилга қамалди. 2017 йилда Вомбиер комага тушиб қолгач АҚШга қайтарилди. Орадан олти кун ўтиб ҳушига келмай оламдан ўтди. Вомбиернинг ота-онаси уни қамоқхона назоратчилари томонидан жисмоний зўравонликка учраган деб ўйлайди.
Темир қўл
Шимолий Корея раҳбари деганда, кўпинча намойишкорона репрессия, номақбул ёки айбдор бўйсунувчиларни шафқатсиз ва баъзан даҳшатли қатл этувчи золим кўз олдига келиши бежиз эмас. ОАВ хабарларига кўра, у бир генерални миномётдан ўққа тутган, яна бир юқори мартабали амалдорни итларга ем қилган. Ким Чен Ир манфаат йўлида ҳатто ўз яқинларини ҳам аямаган, мисол учун 2013 йилда у вафотидан кейин регент бўлиши башорат қилинган амакиси Жанг Сунг Таэкни қатл қилгани маълум.
Трамп билан муроса
Буларнинг барчасига қарамай, Шимолий Корея раҳбари ва Америка президенти Дональд Трамп ўртасида кутилмаган дўстлик пайдо бўлди. Трампнинг ўзи айтганидек, икки етакчи “бир-бирини севиб қолишди” ва америкалик сиёсатчи “севги” деб атаган 27 та мактуб алмашишди.
КХДР ва АҚШ етакчилари Корея яриморолини ядросизлантириш бўйича келишувни ишлаб чиқиш учун Сингапур ва Ханойда иккита саммит ўтказди. Бироқ, иккала томон ҳам жараённинг кечиши борасидаги келишмовчиликлар туфайли сезиларли муваффақиятга эришилмади. Америка раҳбариятининг ўзгариши билан музокаралар тўхтади ва Оқ уйнинг янги эгаси билан учрашувлар умуман кутилмади. Жо Байден лавозимига киришмасданоқ Ким билан фақат бир шарт - ядро қуролидан ихтиёрий воз кечилса учрашишини айтди. Лекин кўриниб турибдики, бу Шимолий Корея раҳбарияти учун мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган талаб.
Владивостокка зирҳли поездда
Шимолий Корея раҳбари Россия билан ҳам муносабатларни яхшилашга киришди. 2019 йил апрель ойида у Владивостокка зирҳли поездда етиб келди. Владимир Путин билан бўлиб ўтган саммитдан сўнг эса КХДР етакчиси учун тўлиқ кўнгилочар дастур тақдим этилди. Ким Россия президенти билан “жуда мазмунли мулоқот” ўтказганини айтди ва унга “ўтган ажойиб вақт” учун миннатдорчилик билдирди.
Коронавирус пандемияси бошланиши билан Шимолий Корея ўзини ташқи дунёдан ажратиб қўйди ва чегараларини ёпди. Сўнгги икки йил ичида Ким Чен Ин бошқа давлатлар раҳбарлари билан бирорта ҳам учрашув ўтказмади.
Кимнинг ғойиб бўлиши
Ўзининг ҳукмронлиги давомида Ким вақти-вақти билан жамоат майдонидан ғойиб бўлар эди: сўнгги бир неча йил ичида бундай йўқолишлар айниқса тез-тез содир бўлди. Бу унинг касаллиги ҳақида миш-мишларни келтириб чиқарди. Кузатувчиларни айниқса, Шимолий Корея етакчисининг 2020 йил баҳорида дом-дараксиз кетиши хавотирга солди – ўшанда ОАВ ва таҳлилчилар Ким вафот этиши мумкинлигини истисно қилишмади, мамлакат расмийлари эса буни расман эълон қилишга шунчаки тайёр эмас дейиларди.
Бу билан параллел равишда Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжоннинг роли сезиларли даражада ошди. 2020 йил апрель ойида Япония ОАВлари 2019 йил охирида Шимолий Корея ҳукумати фавқулодда режа ишлаб чиққани ҳақида хабар берган эди. Унда Ким Чен Ин мамлакатни бошқара олмаса, барча ваколатлар унинг синглисига ўтказилиши назарда тутилган эди. Бу орада Кимнинг юрагида жарроҳлик операцияси ўтказилгани маълум бўлди.
2021 йилнинг май ойида Ким деярли яна бир ой оммага кўринмади - бу унинг аҳволи ёмонлашгани ҳақида яна миш-мишлар тарқалишига сабаб бўлди. Шубҳалар Кимнинг оммавий фаолиятга жуда озган ҳолда қайтганлиги билан тасдиғини топди. Кузда Шимолий Корея етакчиси янада вазн йўқотди. Шунга қарамай, Жанубий Корея разведкаси Ким касал эмас, шунчаки озган, деган хулосага келди. Баъзи кузатувчилар буни раҳбар оилавий юрак-қон томир касалликларига мойиллиги туфайли шунчаки соғлом турмуш тарзига ўтганлиги билан изоҳлади.
Янги иқтисодиёт
Ҳукуматга келиши билан Ким Чен Ин мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш билан фаол шуғулланди. Эҳтимол, у 1990 йилларда Шимолий Кореяда турли ҳисоб-китобларга кўра, қарийб уч миллион одамнинг ҳаётига зомин бўлган даҳшатли очарчиликка қарши ота ҳукмронлиги ассоциациясидан узоқлашишга ҳаракат қилган бўлса ажаб эмас.
2013 йилда ҳукумат корхоналарни либераллаштириш чораларини кўрди. Ким шунингдек, мамлакат косметика саноатини халқаро миқёсда рақобатбардош қилиш, тоғ-чанғи курортлари, от миниш клублари, скейт-парклар, кўнгилочар боғлар, янги аэропорт ва дельфинарий қуришни буюрди. Шимолий Корея раҳбари уй-жой соҳасини фаол ривожлантиришга киришди: Пхеньянда кўп қаватли турар-жой мажмуалари ва осмонўпар бинолар пайдо бўлди.
Бироқ, қаттиқ халқаро санкциялар, пандемия ва ёмон ҳосилдорлик Кимнинг замонавий ва мослашувчан иқтисодиётни қуриш бўйича барча саъй-ҳаракатларини чиппакка чиқарди. Мамлакат очарчилик хавфига юзма-юз турибди: Шимолий Корея ҳукумати озиқ-овқат етишмаслиги сабабли армия захирасидан гуруч тарқата бошлагани Жанубий Корея разведкаси маълумотидан аён бўлди.
Машаққатли юриш
2021 йил апрелида Шимолий Корея етакчиси мамлакатдаги вазиятни “тарихда энг оғир” деб атади ва ватандошларини янги “машаққатли юриш”га тайёрланишга чақирди. Мамлакатда 1990 йиллардаги иқтисодий инқироз ва очарчилик даври шундай аталган эди.
Аммо нима бўлганда ҳам КХДР ўз ядро дастуридан чекинмоқчи эмас. Аксинча: мамлакат қуролларни, жумладан янги турдаги синовларни давом эттиряпти: яқинда Шимолий Корея ҳарбийлари сувости кемаси ва поезддан баллистик ракеталарни учирди, биринчи марта гипертовушли ва қанотли ракеталарни синовдан ўтказди. Октябрь ойида Ким мудофаа саноати кўргазмасида қатнашганида АҚШнинг душманлик сиёсатига қарши тура оладиган "енгилмас армия" яратишга ваъда берди.
Г.Холдорова тайёрлади.