Трамп Хитой фонд биржаларини остин-устун қилди
Бундан бироз аввал АҚШ президенти Дональд Трампнинг 10 май санасидан АҚШга олиб кирилаётган Хитой маҳсулотларига божни кўтариши ҳақидаги хабар дунё ёқилғи-энергетика маҳсулотлари нархига акс таъсир этгани ҳақида ёзган эдик.
Энди маълум бўлишича, Трампнинг ўша гаплари нафақат ёқилғи-энергетика маҳсулотлари нархининг пастлашига, балки бутун бошли Хитой фонд бозорига ҳам катта акс таъсир кўрсатган экан. Трампнинг ўша гапи ортидан Хитой фонд бозорларида Хитойга тегишли турли компаниялар қимматли қоғозларининг нархи кескин арзонлаган.
Масалан, Шенджень ва Шанхай фонд биржаларида умумий пасайиш 5 ва 7 фоизга тўғри келди.
Шанхай фонд биржасида котировка, 5,58 фоиз, 2906,46 пунктгача пастлаб кетди. Бу кўрсаткич охирги марта 2016 йилда бўлган эди.
Фоизларда энг кўп арзонлаган соҳалар: телекоммуникациялар, ахборот технологиялари, соҳаларида фаолият юритаётган компанияларнинг қимматли қоғозлари бўлди.
Шенджень фонд биржасида ҳам аҳвол бундан ёмон.
Энди Хитой делегацияси Трампнинг АҚШга олиб кирилаётган Хитой маҳсулотларига божларни 10 фоиздан 25 фоизга кўтариш ҳақидаги гапидан сўнг АҚШга ташриф буюради ва музокаралар ўтказади.
Эслатиб ўтамиз: Хитой маҳсулотларига божни ошириш ҳақида Трамп биринчи марта гапираётгани йўқ. У 2018 йилнинг кузида, 2019 йилнинг 1 январидан Хитой маҳсулотларига божларни оширмоқчи бўлган эди. Аммо, Аргентинада ўтган G20 саммити доирасида Хитой раҳбари Си Цзиньпин Трамп билан учрашиб, 2019 йилнинг бошида 3 ой божларни оширмай туришлик ҳақида келишувга эришган эди.
Трамп кейинчалик ўша 3 ойлик муддатга яна бир ой қўшиб бериб Хитойга имконият берган эди.