Туризм соҳасини ривожлантириш учун бизда етарлича малака ва етук мутахассислар етишмайди

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида “Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришда табиий ва этнографик ресурслардан самарали фойдаланиш муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

- Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришда имкониятларимиздан тўла фойдаланганимиз йўқ, - деди институтнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилбар Аслонова. – Ички ва ташқи туризмни ривожлантириш учун аввало, юртимизда туристик ҳудудлар ташкил этиш лозим. Бу борада соҳа мутахассислари ўз таклифларини билдиради. Конференцияни шу мақсадда ташкил этдик. Халқаро тажрибаларга таянган ҳолда туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш барчамизнинг бурчимиз.

Халқаро илмий-амалий анжуманда сўзга чиққан соҳа мутахассислари биздаги туризм соҳаси халқаро стандартларга жавоб бермаслигига тўхталиб, бу борада ўз таклифларини ўртага ташлади.

- Мамлакатга туристларни жалб қилиш учун шаҳарларда экологик истироҳат боғлари қуриш керак, - деди Қозон федерал университетининг сервис ва туризм бўлими бошлиғи Олег Бунаков. – Қозон шаҳридаги истироҳат боғлари сўлим дарахтлари билан кишиларни ўзига жалб этади. У ерга дам олишга келганлар спорт билан шуғулланиши, махсус мусиқа асбоблари қўйилган жойларда куй ижро этиши мумкин.

Ҳар бир давлатнинг миллий анъаналари, маданияти, турмуш тарзини билиш сайёҳлар учун қизиқ. Биз миллийлигимизни чет элликларга тўла намоён қилиб кўрсатадиган махсус дам олиш жойларига эга эмасмиз.

Икки кун давом этган анжуманда долзарб таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.