Туркия мустақиллигининг 99 йиллиги Самарқандда ҳам нишонланди

Самарқанд шаҳрида Туркия Республикаси ташкил топганининг 99 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Ж.Ўроқов, Х.Очилов, Ф.Абилов, Самарқанддаги Туркия Республикаси бош консули Салиҳ Жанер, вилоят ҳокимлиги вакиллари, зиёлилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, айни пайтда Самарқандда яшаётган ва фаолият юритаётган Туркия фуқароларидан бир гуруҳи иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси дунё ҳамжамиятига ўзини мустақил давлат сифатида эълон қилганда, буни биринчилардан бўлиб Туркия тан олиб, дўстона ҳамкорлик қўлини узатган эди. Бугунги кунга келиб ҳам Туркия Ўзбекистоннинг энг ишончли ҳамкорларидан бири саналади. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникациялари, маданий-гуманитар, туризм соҳаларидаги ҳамкорлик самараси ўлароқ бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, бугунги кунда Самарқанд вилоятида деярли барча соҳаларда туркияликлар билан яқин ҳамкорликда ишлар олиб бориляпти.

Тадбирда консул Салиҳ Жанер сўз олиб, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг мамлакат мустақиллигининг 99 йиллиги муносабати билан йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Бундан 99 йил аввал, 1923 йил 29 октябрь куни Мустафо Камол Отатурк томонидан ташкил этилган Туркия давлати бугун жаҳонда ўз ўрни ва мавқеига эга эканлигини таъкидлади.