Туркия - Самарқанднинг энг йирик сармоядори

Туркия Ўзбекистоннинг мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган ва йиллар давомида ҳар томонлама ишончли ҳамкор ҳамда энг катта сармоядор бўлиб келмоқда.

Бу ишонч туризм, маданият, иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда кўзга ташланади. Кейинги йилларда бу икки халқ ўртасида иқтисодий лойиҳалар биргаликда амалга оширилиб, юртимизда турк тадбиркорлари сармоясида янги корхоналар ишга туширилмоқда.

Хусусан, вилоят инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, вилоятимизда Туркия компанияларининг капитали иштирокида жами 115 та, шундан 68 та қўшма корхона ҳамда 47 та хорижий корхона фаолият юритмоқда.

Самарқанд шаҳридаги бир нечта тиббий хизмат кўрсатиш, гилам, текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи, Ургут туманида маиший техника, Паст Дарғом туманида сендвич панел ишлаб чиқариш корхоналари Туркия сармоясида ташкил этилган.

2021 йилда 27 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Туркия давлатидан жами 33,9 миллион доллар хорижий инвестиция маблағи ўзлаштирилди.

Жорий йил давлат инвестиция Дастурига мувофиқ вилоятда Туркия давлати билан ҳамкорликда 6 та янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

2022 йил январь-октябр ойларида Туркия давлатидан жами 12,1 миллион доллар хорижий инвестиция маблағи ўзлаштирилди.  Хусусан, Ургут туманида гигиеник воситалар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси доирасида 3,4 миллион доллар сармоя жалб этилди.

Вилоятимиз ҳамда Туркия Республикаси ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар йўналишида ўтган 2021 йилда жами 156,3 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт ва импорти амалга оширилди. Шундан экспорт

42,2 миллион доллар ва импорт 113,9 миллион долларни ташкил этди. Туркия давлатига қилинган экспорт товарлари асосан ип-калава, мева-сабзавот, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва бошқа маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

2022 йилнинг январь-октябрь ойларида эса Туркия   давлати билан товар айланмаси 242,5 миллион долларни ташкил этиб, шундан 190 миллион доллар импорт ҳамда 52,5 миллион доллар экспорт амалга оширилди.