Ургутда ернинг ҳисоби борми? Нега туман ҳокимининг қарори билан иккита фермер хўжалигига битта ер майдони ажратилган?
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидан самарали фойдаланиш юзасидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.
Ўтказилаётган тадбирлар давомида маҳаллий давлат ҳокимиятлари томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналари учун ер майдонини ижарага бериш юзасидан қонунбузилиш ҳолатлари, фермер ва фуқаролар томонидан ер ресурсларидан самарасиз фойдаланиш, ер майдонларини ўзлаштириш сингари салбий ҳолатлар учрамоқда.
Жумладан, инспекциянинг Ургут тумани бўлими томонидан тумандаги “Қоратепа гранит бодомзор” фермер хўжалиги раҳбари Ш.Умарованинг туман ҳокимлиги томонидан ўзи раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигига ижарага берилган 370 ва 413-дала контурлари “Нурли осмон замин тимсоли” фермер хўжалигига ҳам ижарага берилганлиги ҳақидаги мурожаати ўрганиб чиқилди.
– Аниқланишича, Ургут тумани ҳокимининг 2016 йил 14 майдаги 1609-Қ-сонли қарори билан фуқаро Ж.Усмоновга фермер хўжалиги ташкил қилиш учун О.Узоқов агрофирмасининг 1549, 460, 457 ва 450-рақамли дала контурларидан жами 3,9 гектар ер майдони ажратилиб, “Нурли осмон замини тимсоли” фермер хўжалиги ташкил қилинган, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Ургут тумани бўлими бошлиғи ўринбосари З.Сувонов. – Шунингдек, туман ҳокимининг 2020 йил 18 февралдаги 383-Қ-сонли қарорига асосан, фермер хўжалигига туман ҳокимлиги захира ер майдони ҳисобидан 8,8 гектар ер майдони ажратилган. Шу аснода “Нурли осмон замини тимсоли” фермер хўжалигига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида ажратилган жами ер майдони 12,7 гектарни ташкил этади. Лекин ўтказилган мониторинг-таҳлил давомида О.Узоқов агрофирмасининг тегишли дала контурларидан мазкур фермер хўжалигига қарорда белгиланганидан 2,4 гектар кўп, яъни 15,1 гектар ер майдони ажратилгани аниқланди.
Шунингдек, туман ҳокимининг 2019 йил 8 февралдаги 643-Қ-сонли қарори билан “Қоратепа гранид мевалари” фермер хўжалиги “Қоратепа гранит бодомзор” фермер хўжалигига қўшилиб, О.Узоқов агрофирмаси ҳудудидаги 25,4 гектар ер майдони ижарага берилган.
Ургут тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғининг 2019 йил 9 сентябрдаги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Ургут тумани бўлими раисига берилган 1047-сонли хатда Ургут тумани ҳокимининг 643-Қ-сонли қарори билан 370 ва 413 дала контурлари “Қоратепа гранит бодомзор” фермер хўжалигига ажратиб берилганлиги маълум бўлди. Шу тарзда туман ҳокимининг қарорига асосан битта контурдаги ер майдони иккита фермер хўжалигига ажратилган.
Инспекциянинг Ургут тумани бўлими томонидан аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида туман ҳокимлигига тақдимнома киритилди.
А.ХУДОЁРОВ,
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори.