Ургутдаги мактабларда тунги навбатчилик ташкил этилмаган
Ургут туманидаги мактабларда ўқитувчиларнинг тунги навбатчилик қилишга мажбурланаётгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумот юзасидан туман халқ таълими бўлими муносабат билдирди.
Жорий йилнинг 17 декабрь куни ижтимоий тармоқларда “Самарқанд вилояти Ургут тумани ўқитувчилари номидан ёзмоқдамиз. Бизни мактабда туну кун навбатчилик қилишга мажбурлашяпти” мазмунидаги маълумот тарқалди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ургут туманида 142 та умумтаълим мактаблари, 14 та мактаб филиаллари мавжуд. Уларда ўқиш кунлари ўқитувчилар томонидан кундузги навбатчилик ташкил этилиб, ўқувчиларнинг хатти-ҳаракатлари, дарсларга ўз вақтида кириши, мактаб ҳудудига бегона кишиларнинг кириш-чиқиши, умуман, таълим муассасадаги тартиб-интизомга риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилади.
Ўқитувчиларнинг туну кун навбатчилик қилиши бўйича Ургут тумани халқ таълими бўлимининг буйруғи ёки оғзаки топшириғи берилмаганлигини маълум қиламиз. Ўзбошимчалик билан умумтаълим муассасаларида ана шундай муаммолар юзага келганда уни ўз вақтида бартараф этишга тайёрмиз.
Ургут тумани халқ таълими бўлими.