Ургутдаги Терсак туризм қишлоғида сайёҳлар учун қандай шароитлар яратилган?

Ургут туманида Терсак туризм қишлоғини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижасида 2021 йил 22 июнь куни қишлоқ ҳудудида 25 та оилавий меҳмон уйи фаолият бошлади.

Ушбу меҳмон уйларида туристлар учун, қишлоқнинг табиий маҳсулотлари, миллий таомлар тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари, қишлоқнинг этник урф-одатлари намойиши, агро-туризм йўналишида чорвачилик, боғдорчилик ҳамда деҳқончиликнинг қадимий услублари намойиш этилади.

- Тоғ ён-бағирларида дам олиш масканларининг ташкил этилиши сайёҳларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилади, - дейди "Терсак шаршараси" оилавий меҳмон уйи бошқарувчиси Қўйсин Ҳасанов. - Қишлоғимизга 2019 йилда 550 нафар хорижлик, 650 нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрганди. Пандемия сабабли кейинги икки йилда ҳудудда хорижлик сайёҳлар умуман келмади. Ўтган йилда туристларга қулай шароит яратиш мақсадида 25 та оилавий меҳмон уйи ташкил этилди. Бу меҳмон уйларидан 17 таси  рўйхатдан ўтган бўлиб, ҳудудга ташриф буюрган  сайёҳлар тоғ туризми йўналишида пиёда, от ва бошқа уловларда сайр қилиши, қишлоқнинг ўзига хос табиати ҳамда урф-одатлари билан танишиши мумкин. Шунингдек, келгусида туристлар қамровини янада кўпайтириш мақсадида яна 9 та меҳмон уйи ташкил қилиш ишларини бошлаб юборганмиз.