Uzbekistan Airways парвоз давомидаги муҳим қоидаларни эслатиб ўтди
Uzbekistan Airways COVID-19 тарқалишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш шароитида парвоз давомидаги бир қатор хатти-ҳаракатларга доир қоидалар борасида эслатиб ўтди:
— бутун парвоз давомида йўловчилар оғиз ва бурунни тўлиқ ёпиб турувчи ниқобда бўлишлари лозим (2 ёшгача бўлган болалардан ташқари);
— қўл юки сифатида самолёт саҳнига аёллар сумкаси, портфель, ноутбук, болалар учун керак бўладиган ашёлар солинган сумкани олиб чиқиш мумкин. Бошқа барча нарсалар қатновга рўйхатдан ўтилаётган вақтда багажга топширилиши шарт;
— ҳаво кемасига чиқариш ижтимоий масофа сақлаган ҳолда амалга оширилади;
— агар йўловчи парвоз давомида ўзини ёмон ҳис қилса (иситма, йўтал, тумов ва бошқалар) зудлик билан борткузатувчиларни чақириш тугмасини босиши керак. Экипаж касаллик белгилари бўлган йўловчи билан ўзини қандай тутиш ва қандай муносабатда бўлишга ўргатилган;
— парвоз давомида ҳаво кемаси саҳнида ҳаракатланишдан тийилиш тавсия этилади. Ҳожатхонага ташриф буюриш учун, унинг бўшлигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида ёруғлик таблосига эътибор қаратинг, ҳожатхона олдида навбат ҳосил бўлишига йўл қўйманг.
— самолёт ерга қўнганидан сўнг, илтимос, экипажнинг кўрсатмасига қадар ўрнингиздан турманг. Ҳаво кемасидан тушиш ҳам, худди унга чиққандек, ижтимоий масофага амал қилган ҳолда амалга оширилади.
"Агар илгари кўрсатилаётган хизматлардан бирортасини амалга оширишнинг имкони бўлмай қолса, бунинг учун узр сўраймиз.
Биз учун энг муҳими экипаж ва йўловчилар саломатлигидир.
Сув, қулоқчинлар, озиқ-овқат воситалари, шунингдек, бизнес класс учун йўл ва болалар тўпламлари алоҳида ўрамларда берилади. Кошер таомлардан ташқари бошқа махсус таомларга олдиндан буюртма бериш мумкин. Борт журналлари ва матбуот нашрлари вақтинча бўлмайди. Умид қиламизки, мазкур киритилган чекловлар парвоздан оладиган илиқ таассуротларингизга таъсир кўрсатмайди. Эпидемиологик вазият яхшиланиши билан тўлиқ сервис хизматларини кўрсатишга қайтамиз.
Сизга ёқимли парвоз тилаймиз ва бизни тўғри тушунганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.
Ўзингиз ва яқинларингизни асранг", дейилади авиакомпания хабарида.