«Узумдан татиб кўрмаймизми?»

Юртимизда етиштирилган ноз-неъматлар бутун дунёга машҳур. Қайси давлатга борманг, мевалар харид қилинаётганда, албатта, Ўзбекистон деган ёзувга аҳамият берилади. Чунки меваларимиз йилнинг 280 куни қуёш нуридан баҳраманд бўлади. Шунинг учун жаҳон бозори талабига жавоб беради. Айниқса, узумларимиз.

Тўрақул Йўлдошев (раҳматли) республика ҳукуматининг Москвадаги доимий вакили бўлиб ишлаган 1987 йиллар эди. Тошкент шаҳрида у киши билан суҳбатлашиб қолдим. Шунда қизиқ воқеани айтиб берди.

“Мен республикамиздан Москвага олиб борилган мева-сабзавотлар сифатига жавобгар шахсман, - дея гап бошлади Тўрақул ака. - Бир куни кечаси “Октябрь” мева-сабзавот базаси директори телефон қилиб, “Бизнинг базага бир келсангиз, ҳозир Борис Николаевич ҳам келади, бир нарсага ойдинлик киритиб олсак...”, деди. Борис Ельцин ўша вақтларда Москва шаҳар қўмитаси биринчи котиби лавозимида ишларди.

Борсам, база директори ҳам, масъуллар ҳам бир нимадан норози.

- Мана, Ўзбекистондан келган ўн бир вагон узумнинг сифати ёмон, эзилган, - деди база директори менга қараб. - Борис Николаевичга ҳам айтдим.

Унга узумнинг ҳолатини тушунтиришга киришишим билан, беш-ўн дақиқа ўтар-ўтмас Ельцин кириб келди. Маҳсулотни кўрмасдан “Сиз ўзбеклар шу-да, ўтмас матоҳингизни ўтказмоқчи бўласиз, деди, сўнг база директорига «Бунақа маҳсулотни олманг, қайтариб олиб кетсин», деб буйруқ берди.

Аввалига ўзим ҳам иккиландим, сўнг қути тўла узумни кўздан кечирдим: сифати аъло, қиёмига етиб бир-икки донаси ёрилган, тилладек товланиб турибди.

Борис Николаевич Озарбайжондан келтирилган узумга ишора қилиб:

- Мана шундай дуркун бўлса олинглар, - деди.

База директорига ҳар икки қутидаги узумдан бир бошдан ювиб келишини илтимос қилдим. Икки ликопчада икки бош узумни ювиб келди.

- Татиб кўринг, - деб Борис Николаевичга мурожаат қилдим.

У жаҳл устида Озарбайжон узумига қўл чўзди ва бир дона оғзига солди-ю, шу заҳоти туфлаб ташлади. Унча хушламай бизнинг узумдан олди. Оғзига солган заҳоти кўзлари чақнаб кетди, ўша бир бош узумни қандай еганини ўзи ҳам билмай қолди. Шунда у кишига узум шира боғласа, ёрилишини айтдим.

- Зўр-зўр. Узумга гап йўқ, жуда ширин экан, - деди ва ҳайратланиб савол берди. - Нега Озарбайжон узуми кўримли-ю, маза-матрасиз? Ўзбекистон узуми аксинча, жуда мазали.

- Бунга юртимиз қуёши сабаб, яна ер, сув ва парваришга ҳам боғлиқ. Халқимиз астойдил меҳнат қилади, - дедим фахр билан. - Борис Николаевич, ҳали ҳам узум ўн олти кун йўл босган, токдан узилган ҳолда есангиз, ўзбек боғбонига тасанно дейсиз.

Ельцин кулиб:

- Демак, айб - темирйўлда, буни тартибга соламиз, - деди.

Шундан анча вақт ўтиб, Борис Николаевич Россия Президенти бўлди. Бир сафар мамлакатимизга расмий ташриф билан келганда ёнидагиларга “Узумдан татиб кўрмаймизми?”, деган экан”.

Абдураҳмон ЮЛДАШЕВ,

Тошкент вилояти, Қибрай тумани.