Вазир ўринбосари якка тартибда таълим олаётган ўқувчига ноутбук ҳамда китоблар жамланмаси совға қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, вазирлик ва идоралар масъул ходимларининг Самарқанд вилоятидаги оммавий сайёр қабуллари давом этмоқда.

Бугун, 11 ноябрь куни Каттақўрғон шаҳрида мазкур шаҳар ҳамда Нарпай, Пахтачи ва Каттақўрғон туманлари аҳолиси учун сайёр қабул ўтказилди. Унда фуқароларнинг халқ таълими тизимига оид, жумладан, ишга жойлашиш, дарс соатларининг камлиги, мактабларни таъмирлаш ва янгисини қуришга доир мурожаатларини Халқ таълими вазири ўринбосари Иброҳим Жўраев қабул қилди.

Сайёр қабул доирасида вазир ўринбосари Каттақўрғон туманидаги 56-мактабнинг 10-синф ўқувчиси, жисмоний имконияти чекланганлиги боис уйида якка тартибда таълим олаётган Мустафо Туроповнинг хонадонида бўлди. И.Жўраев ўқувчи билан суҳбатлашиб, таълим олиши учун уйда яратилган шароитлар билан танишди. Мустафога ноутбук ҳамда китоблар жамланмасини совға қилди.

— Ахборот технологияларини чуқур ўзлаштириб, келажакда ушбу йўналишда олий таълим муассасасида ўқиш ва албатта, соҳанинг билимли ва тажрибали эгаси бўлиш ниятим бор, — дейди Мустафо Туропов. — Вазир ўринбосари уйимизга келиб, ўқишларим билан танишгани, ноутбук ҳам совға қилгани мен учун катта хурсандчилик бўлди. Энди ўзимнинг шахсий ноутбугим борлиги мақсадларимга эришишимга ёрдам беради.

Каттақўрғон шаҳридаги 2-мактабда Халқ таълими вазири ўринбосари раҳбарлигида Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрда қабул қилинган мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини тубдан такомиллаштиришга доир фармон ва қарорларини ўрганишга бағишланган ўқув семинар бўлиб ўтди.

И.Жўраев семинарда иштирок этган Каттақўрғон шаҳридаги мактаб директорлари ҳамда уларнинг ўринбосарларига мазкур муҳим ҳужжатларда халқ таълими ходимларининг олдида турган долзарб вазифаларни тушунтирди. Бошқарма бошлиғи С.Усмонов мактаб таълим-тарбия жараёнларидаги қатор камчиликларга тўхталиб, уларнинг ечими бўйича таклифларини билдирди.

Оммавий сайёр қабул Пайариқ туманидаги истироҳат боғида Оқдарё, Иштихон, Қўшработ ҳамда Пайариқ туманлари аҳолиси учун ҳам ўтказилди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.