Венесуэла АҚШ санкциялари ортидан катта миқдорда зарар кўрганини маълум қилди
Венесуэла АҚШ томонидан жорий қилинган иқтисодий санкциялар ортидан 130 миллиард доллар зарар кўрганини маълум қилди.
АҚШ томонидан жорий қилинган иқтисодий санкциялар ортидан Венесуэла 2015-2018 йиллар давомида умумий миқдорда 130 миллиард доллар зарар кўрган.
Бу ҳақда Венесуэланинг Россиядаги элчиси Карлос Рафаэль Фария Тортос оммавий ахборот воситаларига маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, йўқотилган маблағ 9 йил давомида Венесуэла иқтисодини мувофиқлаштириб туриш учун етарли бўлар эди.
Яна элчининг маълум қилишича, бу суммага Венесуэланинг чет эл банкларида сақланган ва бугунги кунда музлатилган маблағлари кирмайди.
Элчи Фария Тортоснинг маълум қилишича, бугун чет эл банкларида Венесуэланинг умумий ҳисобда 5 миллиард 470 миллион доллар маблағи музлатилган.
Энг катта сумма Португалиянинг Novo Banko банкида музлатилган, 1.5 миллиард доллар. Бу банкда Венесуэланинг нефт ковлаб олиш компанияси PDVSAнинг ҳисоб рақами ва активлари бўлган.
Англия банкида эса Венесуэланинг 1 миллиард 323 миллион доллар маблағи олтин кўринишда музлатилган.
Буюк Британиянинг яна бир банки Clearstream London банкида эса Венесуэланинг 517 миллион доллар маблағи, АҚШнинг Citibank банкида 458 миллион доллар маблағи музлатилган.
Элчининг сўзларига кўра, Венесуэланинг чет элдаги маблағлари умумий ҳисобда дунёнинг 17 мамлакатидаги 40 дан ошиқ банкида музлатилган.