Вилоят ҳокими Пахтачида икки кунлик қабул ўтказди
27-28 апрель кунлари вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Пахтачи туманида тадбиркорлар, ёшлар ва аёллар ҳамда аҳоли билан оммавий сайёр қабул ўтказди.
Дастлаб тадбиркорлар ҳамда бундай фаолият билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар туман ҳокимлигида қабул қилинди. Уларни қийнаб келаётган масалалар ечими юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Шу куннинг ўзида Э.Турдимов Пахтачи тумани 1-секторида хотин-қизлар мурожаатларини тинглади. Ҳудудда “Аёллар дафтари”га киритилганлар билан олиб борилаётган ишлар билан танишиб, бу борада амалга оширилиши ва эътибор қаратилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берди.
28 апрель куни вилоят ҳокими дастлаб собиқ Пахтачи автомобиль ва йўллар коллежи ҳудудида ёшлар билан учрашув ўтказиб, уларнинг мурожаатларини тинглади. Самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда туман ёшларининг кўплаб мурожаатлари шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Масалан, туманнинг Қиргули маҳалласидан келган Маъмура Баҳромова касби ўқитувчи. Бундан ташқари, ўзи ментал арифметика бўйича ўқув марказ ташкил этиб, болакайларга замонавий услубда билим бермоқда. У фаолияти давомида компьютерларга эҳтиёж сезаётганди.
Сайёр қабулда М.Баҳромова вилоят ҳокимидан ўқув маркази фаолиятини ривожлантириш мақсадида беш дона компьютер олишда кўмак сўради. Э.Турдимов шу жойнинг ўзида Марказий банк ходимларига тадбиркор ёшга зарур миқдордаги компьютер совға қилишни айтди.
Шу куни Зиёвуддин шаҳарчасидаги Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги тиббиёт техникумида бўлиб ўтган сайёр қабулда 450 дан зиёд оғзаки ва ёзма мурожаат рўйхатга олинди.
– Касбим бўйича кончилик мутахассисиман, – дейди Кештали маҳалласида яшовчи Мирза Эшмаматов. – Аммо бирмунча вақтдан бери эгаллаган йўналишимда иш тополмаётгандим. Вилоят ҳокимидан мурожаатимга ижобий жавоб олдим. Насиб қилса, келгуси ҳафтадан ўз мутахассислигим бўйича ишлайдиган бўлдим.
Иззатулла Норқувватов,
Жамолбек Саломов.