Вилоят ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари муҳокама қилинди

Бошқарма бошлиғи ўринбосарлари, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси раҳбарияти ва шахсий таркиби, барча шаҳар-туман ИИБ раҳбарлари ва ўринбосарлари иштирок этган тадбирда вилоят ҳудудида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари, жумладан, одам ўлими ҳамда тан жароҳати билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, йўл қўйилган хато ва камчиликлар муҳокама марказида бўлди.

Шунингдек, ходимларнинг хизмат интизоми ва қонунчиликка амал қилишлари, фуқаролар билан белгиланган меъёрларга асосан, обод-ахлоқ доирасида мулоқот қилиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Келгусида вилоят ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш борасида аниқ вазифалар белгиланди.

Йиғилиш якунида намунали хизмати билан сафдошларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимлар бошқарма бошлиғининг ташаккурномалари билан тақдирланди.

Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати.