Округ комиссияси таркибига номзодлар тавсия этилди
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг саксон учинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Кенгаш котибияти мудири З.Каримов олиб борди.
Дастлаб вилоятда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини кафолатли етказиб бериш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар юзасидан “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўрилди. Таъкидланишича, 2023 йил ҳосили учун асосий майдонларнинг 35,4 минг гектарига картошка, 7,8 минг гектарига пиёз, 6,9 минг гектарига сабзи, 15 минг гектарига мойли, 19,7 минг гектарига озуқа экинлари экиш белгиланган. Натижада асосий майдонларда 646,3 минг тонна картошка, 211,5 минг тонна пиёз, 144,1 минг тонна сабзи, 22,7 минг тонна мойли экинлар, 336,9 минг тонна озуқа маҳсулотлари етиштирилади.
“Йўл хатираси”да 2023 йилда қорамол, қўй ва парранда гўшти ҳамда тухум етиштиришни ташкил этиш бўйича белгиланган ишлар ҳам маълум қилинди. Жумладан, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида йирик шохли қорамол бош сонини 1 миллион 886,6 минг бошга, қўйлар сонини 2 миллион 628,0 минг бошга, тухум йўналишидаги парранда сонини 7 миллион 780 минг бошга, гўшт йўналишидаги парранда сонини 6 минг 734 минг бошга (102 фоиз) етказиш белгиланган. Натижада барча тоифадаги хўжаликларда 323,9 минг тонна тирик вазнда гўшт, 1,4 миллион тонна сут, 1 миллиард 448,8 миллион дона тухум ишлаб чиқариш таъминланади.
Депутатлар вилоятда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини кафолатли етказиб бериш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар юзасидан "йўл харитаси"ни тасдиқлади.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 7-Самарқанд округи комиссияси аъзолигига номзодлар тавсия этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги ҳамда Сенатнинг 14 мартдаги қарорларига кўра, 2023 йил 30 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдуми ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 16 март куни ўтказилган мажлисида референдумни ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараси доирасида 14 та референдум округи тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Референдумга доир қонунчиликка кўра, референдум ўтказувчи округ комиссияси аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари тавсияси асосида Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади.
Шундан келиб чиқиб, референдум ўтказувчи 7-Cамарқанд округ комиссияси таркибига сайловга ҳамда референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар орасидан комиссия раиси, ўринбосари, котиби ва 18 нафар аъзо номзоди депутатлар томонидан маъқулланди.
Бу ҳақдаги қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилади.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.