Халқ қабулхонаси: 100 га яқин мактаб ва МТТ таъмирланди, 50 дан ортиқ аҳоли яшаш пунктлари ичимлик суви тармоқларига эга бўлди
Хўжакорзон маҳалласи, Найман қишлоғи аҳолисини кўп йиллардан буён тоза ичимлик суви муаммоси қийнаб келарди. Ушбу масала юзасидан мурожаатлар жавобсиз қолавергач, қишлоқ аҳли Халқ қабулхонаси ва сектор раҳбарларига чиқишга мажбур бўлди. Муаммо мутасаддилар томонидан қисқа фурсатда ўрганиб чиқилиб, қишлоққа Дамхўжа сув тармоғидан 1,7 километр ичимлик суви қувури тортилди ва аҳолига тоза ичимлик суви етказиб берилди.
– Бу бизнинг бир умрлик орзу-армонимиз эди, – дейди шу қишлоқда яшовчи Сайёра Ортиқова. – Шу пайтгача 2-3 километр масофадан сув ташиб келиб ичардик. Кўп жойларга мурожаат қилсак-да, масаламиз ҳал бўлмагач, қишлоғимизга сув келишидан умидимизни узган эдик. Президентимизга минг раҳмат, халқ билан мулоқот қилишнинг шундай тизимини яратиб бердики, энди мурожаатларимиз эътиборсиз қолмаяпти. Қишлоғимизга сув келиб, турмуш тарзимиз ўзгарди, эртанги кунга ишончимиз ортди.
Ҳақиқатдан ҳам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши, секторлар раҳбарларининг кабинетларда эмас, жойларга чиқиб, халқ орасида юриб фаолият кўрсатиши, аҳолининг дарду ташвишларини эшитиб, уларга ечим топишга ҳаракат қилиши кўплаб муаммоларга ечим топиш, жамиятда адолатни қарор топтиришга хизмат қилмоқда. Ўз навбатида, бу ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқларнинг обод бўлишига замин яратмоқда.
Ургут туманининг Аълохотин маҳалласи туман марказидан атиги 4-5 километр масофада, катта йўл ёқасида жойлашган. Аҳолиси ҳам анча кўп. Бундоқ ўйлаб қаралса, маҳаллада ҳеч қандай муаммо йўқдек.
Афсуски, марказга яқин ана шу қишлоқда ҳам йигирма йилдан буён ичимлик суви билан боғлиқ муаммо ҳал этилмаётган экан. Муаммо ҳам жуда катта эмас, бир пайтлар қурилган ва кейинчалик фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган артезиан қудуғини таъмирлаш зарурати бор эди. Шу муаммо элликдан ортиқ хонадоннинг йиллар давомида тоза ичимлик сувини бошқа жойдан ташиб келишига сабаб бўлаётган эди.
– Сектор раҳбарлари ва Халқ қабулхонаси томонидан ўтказилган сайёр қабулда ушбу муаммони ҳал этишда амалий ёрдам сўрадим, – дейди маҳаллада яшовчи Аҳмад Жўраев. – Шу ернинг ўзида мутасаддиларга топшириқ берилди. Натижада маҳалламиздаги 35-мактаб ҳовлисида жойлашган сув иншооти таъмирланиб, 1,3 километр масофага ичимлик суви тармоғи тортилди. 50 та хонадонга тоза ичимлик суви етказиб берилди. Албатта, бундан аҳолимиз, мактаб жамоасининг қувончи чексиз. Муҳими, мурожаатимиз эътиборсиз қолдирилмай, муаммога ечим топилди. Бу Президентимиз томонидан илгари сурилган халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойилнинг амалдаги ифодаси бўлди.
Маълумотларга кўра, айни пайтда Ургут туманида яшаётган 659 минг аҳолининг 62 фоизи ичимлик суви билан таъминланган. 2019 йилда 21 сув объектида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. 38 километр сув тармоқлари тортилди. Бу ишларга қарийб 7 миллиард сўм маблағ сарфланди. Ушбу йўналишдаги ишлар бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.
Туманнинг Нисбот маҳалласидаги 482 хонадонда 3400 аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг ҳам ўзига яраша муаммолари, ечимини кутаётган масалалари бор. Нисботликларни кўп йилдан буён ички йўлларнинг таъмирталаблиги, қишда лой, ёзда чанг-тўзонга айланиши ташвишлантирарди. Туман марказига чиқиш учун ушбу йўллардан юриш ҳайдовчиларнинг ҳам, йўловчиларнинг ҳам ҳақли эътирозига сабаб бўлиб келаётган эди. Йиллар давомида тегишли идораларга қилинган бу борадаги мурожаатлар эса ваъда беришдан нарига ўтмади.
Халқ қабулхонаси ва иккинчи сектор раҳбарларининг Нисбот маҳалласида аҳоли билан ўтказган мулоқоти давомида маҳалла раиси Зайниддин Суюновнинг аҳоли номидан қилган мурожаати ижобий ҳал этилди. 583 миллион сўм маблағ сарфланиб, 1,8 километр ички йўлга асфальт ётқизилди.
– Мурожаатимиз эътиборсиз қолмагани ва бир неча йиллик муаммо ҳал бўлганидан аҳолимиз хурсанд, – дейди Зайниддин Суюнов. – Маҳалламизда ёки Халқ қабулхонасида ўтказилган қабул ва учрашувлар натижасида биргина ушбу масала эмас, кўплаб муаммоларга ижобий ечим топилмоқда. Раҳбарларнинг халқ билан очиқ мулоқотининг йўлга қўйилиши, хонадонма-хонадон юриш реал ҳолатни кўрсатиб, кўп муаммоларга жойида ечим топишни таъминламоқда.
Таъкидлаш лозимки, жойларда ўтказилаётган мулоқотлар чоғида фақатгина аҳоли турмуш тарзи билан боғлиқ муаммо ёки ечимини кутаётган масалалар эмас, халқ маънавиятини бойитишга қаратилган ташаббус ва таклифлар ҳам ўртага ташланмоқда.
Хусусан, Нарпай туманининг Сарбозор маҳалласида яшовчи Турғун Исматов ана шундай учрашувларнинг бирида аҳолини, айниқса, ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, уларни китоб мутолаасига қизиқтириш мақсадида маҳалла ҳудудида замонавий кутубхона қуриб беришларини сўради.
Унинг мурожаати инобатга олиниб, маҳаллада 1 миллиард сўм маблағ эвазига замонавий ахборот-ресурс маркази бунёд этилди. Янги зиё маскани 10 мингга яқин китоб, жумладан, 300 га яқин электрон адабиётлар билан таъминланди, wi-fi тармоғи яратилди. Бугун кутубхона маҳалла аҳлисининг севимли масканига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси маълумотларига кўра, жорий йилда аҳолининг мурожаатлари ва жойларда ўтказилган оммавий қабуллар чоғида билдирилган таклифлар асосида, вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда дастур тасдиқланиб, туман ва шаҳарларда юзга яқин мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари таъмирланди. Бу масканларда замон талаблари даражасида шарт-шароит яратилди. Шунингдек, вилоятдаги элликдан ортиқ аҳоли пунктида ичимлик суви тармоқларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди.
Ғолиб ҲАСАНОВ.