Халқаро касаба уюшма аъзолари ўзаро тажриба алмашишди
Самарқанд шаҳрида халқаро қурилиш ва қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси конфедерацияси МКП “Строитель”нинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Унда мазкур ташкилотга аъзо Россия, Беларусь, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларининг соҳа касаба уюшмалари кенгашлари раҳбарлари ва фаоллари қатнашди.
Йиғилишни конфедерация раиси Борис Сощенко очди, унда касаба уюшмаларнинг олдидаги долзарб муаммолар, ишчи-ходимлар яратилаётган шарт-шароитлар ва фаровонлиги таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, муаммоли масалалар муҳокама этилди.
Тадбирда Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши МКП “Строитель”га аъзоликка қабул қилинганлиги, унда самарали ҳамкорликда фаолият юритиб келаётгани, касаба уюшмалари нуфузини халқаро миқёсда ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистонда мазкур касаба уюшмаси тизмида қилиниши лозим бўлган ишлар айтиб ўтилди. Келгусидаги ҳамкорликда бажариладиган вазифалар, режалар белгилаб олинди.
Тадбир иштирокчилари Самарқанд шаҳрининг диққатга созовор жойларини томоша қилиш баробарида, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан ҳам танишди.
Карим Бобоев.