Хамелеон-автомобиль, қошлар учун принтер ва ақлли тахтача: 2023 йилнинг ғалати ихтиролари
Йирик брендлар иштирокидаги CES анъанавий январь юксак технологиялар кўргазмаси охирги икки йил давомида биринчи марта пандемия чекловларисиз ўтказилди. Дунёдаги бу нуфузли IT кўргазмасига юз мингдан ортиқ киши ташриф буюриб, янги маҳсулот ва хизматларни баҳолади. Ҳар доимгидек кўргазмадаги жиддий ва кутилган маҳсулотлардан ташқари, ғайриоддий ва ғалати қурилмалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. «Лента.ру» кўргазмадаги кўзга кўринган ихтироларни тўплади.
Батареяли телевизор
Одатдагидек, CESда жуда кўп рекорд ўлчамли, рекорд қалинлик ёки рекорд даражадаги ёрқин телевизорлар тақдим этилган. Бироқ яна бир тенденция – симсиз телевизорлар этиборга лойиқ. LG ўзининг видео ва товушларни “ҳаво орқали” қабул қила оладиган қурилмасини тақдим этди. Уни тўлиқ симсиз деб аташ ножоиз, негаки у ҳарқалай электр тармоғидан қувватланади. Узоқ вақт хизмат қилишга мўлжалланган 55 дюймли 4К OLED қурилмасини ечиб олинадиган батареялар билан ишлатиш мумкин.
Истеъмолчи агар хоҳласа, гибрид тузилишга эга телевизорни бир нечта панелларга бўлиб ишлатиши ҳам мумкин. Гаджетнинг кўргазма заллари ва савдо марказлари учун қулай мослама бўлиб хизмат қилиши кўзда тутилган.
Экрани ва обуначилари бор ошхона тахтачаси
Blok америка стартапи вақтини оқилона ўтказишни яхши кўрадиганлар учун мукаммал маиший гаджетни тақдим этди. Ишлаб чиқарувчи ўзининг ўрнатилган дисплейли ошхона тахтачасини шундай тавсифлайди. Гарчи биринчи навбатда ундан рецептлар ёки маҳсулотлар рўйхати ва бошқа фойдали маълумот олиш учун фойдаланиш кўзланган бўлса-да, овқат тайёрлаб туриб, фойдаланувчи ҳар қандай видео ёки сериални томоша қилиши мумкин.
Қурилма илова билан бирга ишлайди. Бундан ташқари, гаджетнинг тўлиқ функциясини очиш учун ойлик абонент тўлови эвазига обуна бўлиш орқали уй бекалари рецептлар кутубхонасидан фойдаланиши ва маҳсулотларга буюртма бериш имкониятига эга бўлишади.
Бошқарилмайдиган болалар коляскаси
Узоқ вақт давомида фарзандлари учун аравача танлай олмаган канадалик ёш ота-она Энн ва Кевин Хуангер уни ўзлари яратишга қарор қилишди. Муҳандис ота-она классик аравачани асос қилиб олиб, уни компьютер ва мотор билан жиҳозлашди ва унга GlüxKind Ella номини беришди. Ўзиюрар GlüxKind Ella инновацион қурилмаси саккиз соатлик пиёда сайр қилишга етадиган электр мотори билан жиҳозланган. Шунингдек, GlüxKind Ella болани тебратиб ухлатадиган режимга эга.
Соатсиз соат
Nowatch компанияси кўргазмага аслида асосий функцияси вақтни кўрсатадиган, лекин бу функциядан маҳрум ноёб Awareable смарт-соатни олиб келди. Тасмасида ўрнатилган биосенсор босиб ўтилган масофа, юрак уриш тезлиги ва бошқа соғлиқ кўрсаткичларини назорат қилади. Циферблат ўрнига безак сифатида кварц, аметист, лазурит каби қимматбаҳо тошлар ўрнатилган.
Рангини ўзгартирадиган автомобиль
CES 2022 кўргазмасида BMW ҳайдовчининг талабига кўра қорадан оқ рангга ва аксинча ўзгартириш мумкин бўлган iX Flow автомобилини тақдим этган эди. Бир йил ўтгач, бавариялик ишлаб чиқарувчи 32 палитрали янги i Vision Dee машинаси билан қайтди. Электр токи таъсирида сиёҳли микрокапсулалар асосида ишлайдиган кузов ҳайдовчиси бир тугмани босиб, истаган вақтида, рангли машинани йиғиши мумкин.
Қошлар принтери
CES кўргазмасининг тез-тез иштирокчиси L'Oréal юзга тўғридан-тўғри «янги» қошларни чизиш орқали қиёфа яратишга ёрдам берувчи Brow Magic принтерини тақдим этди.
Фойдаланувчи брендли илова ёрдамида юзини сканерлайди ва ўзи ёқтирган қош дизайнини танлайди. Кейин принтерни юзига қўйиб қош чиздириш керак. Қурилма тасвирни юз терисига чоп этишга қодир сиёҳни қўллайди. Ушбу “нашр” оддий сув билан ювиб чиқарилади.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.