Хатарли, кўзга кўринмас кимсалар
Илгари полтергейст - кўринмас шарпа одамлар соғлигига ва моддий томонига зиён етказмайди, шунчаки ҳазиллашиб қўяди, деб ҳисобланарди. Бироқ кейинги пайтларда улар анча тажовузкор ва хавфли бўлиб қолди.
Бу ҳақида биринчи ёзувларни натуралист олим Генри Дурбин ёзиб қолдирган. Воқеа эса 1761-1762 йилларда Англиянинг Бристол шаҳрида рўй берган.
Кўзга кўринмас ёвуз кучлар опа-сингил Молли ва Доби Жайлга ҳужум қилган. Олимнинг ўзи гувоҳ бўлган воқеа бўйича «Мистер Ричард Жейли болалари билан бўлган ҳодиса» китоби 100 йилдан кейин, аниқроғи, 1860 йилда босилиб чиққан.
Ҳаммаси опа-сингилларнинг кроватини ғалати тирналишидан бошланган. Кейин тўқиллаш овози эшитилиб, буюмлар жойидан қўзғала бошлаган. Қизалоқлар “қитмир”ни тутишга уринган, бироқ бир куни отаси кўз ўнгида сандиқ қопқоғи очилиб, ичидаги қизлар кийим-кечаги ўз-ўзидан улоқтирила бошланган. Кўп ўтмай кўзга кўринмас кимса қизларни пайпаслай бошлаган. Шундан кейин кўнгилсизликлар ортиб боради.
«Қизлар чалқанча ётишарди, - деб ёзади Дурбин, - кимдир қўллари, танасини тишлаб ташлаган эди, қизлар ўз-ўзларини бундай тишлай олишмасди. Таналарида 20 га яқин тиш изи бор эди, бадбўй хидга чидаб бўлмасди».
Икки ойдан кейин кўринмас кимсалар ҳаддидан ошди - қизларни итариб йиқитишарди, уларга ёрдан бермоқчи бўлганларни қандайдир кўринмас куч қўли тутиб қоларди.
Полтергейстга қарши курашга чақирилган руҳонийнинг дуолари ҳам фойда бермайди. Вазият Г.Дурбинга барча тафсилотларни ипидан игнасигача кузатиш имконини бермайди. Фақат маълум бўлгани шуки, опа-сингиллар тирик қолишган.
Кўзга кўринмас ёвуз кучларнинг янада шафқатсиз таъқиби 1962 йилда АҚШнинг Индиана штатида Девислар оиласида содир бўлади. Таъқибга икки аёл - она ва қиз учрайди. Ҳаммаси бобонинг ҳеч кимнинг хаёлига келмаган туғилган куни рўй беради. Кечқурун уйда ўз-ўзидан улоқтирилган буюмлар тартибсиз равишда уча бошлайди, элас-элас қулоққа хохолаш товуши эшитилади, сўнгра иккала аёл танасига кимдир тўғнагич санча бошлайди. Бу бир ҳафта давом этади.
Кейинчалик бундан баттар бўлади, аёлларни кимдир полга йиқитиб шундай куч билан босадики, бечоралар қимирлашга ҳам илож тополмайди. Полтергейстларнинг ҳаракати шу билан тугамайди: улар ўз қурбонларининг қўл-оёқлари тирноқларини қўпоришади, сочларини юлишади, сирғаларини қулоқларидан узиб олишади. Бечора аёллар уйдан қочиб ҳам таъқибдан қутула олишмайди.
Полтергейст қандай тўсатдан рўй берган бўлса, шундай тўсатдан тўхтайди. Кейин маълум бўлишича, ҳодиса бобо вафот этганидан бир неча кун кейин содир бўлган экан.
Т.Шомуродов тайёрлади.