Хайрия ёрдамлари фақат Тошкент шаҳрида яшовчилар учунми?
- Хайрия ёрдамлари фақат Тошкент шаҳрида яшовчилар учунми? 1197-рақамига телефон қилдим, у ерда менга фақат Тошкент шаҳри учун, деб айтишди. Тошкент вилояти, Тўйтепа туманида яшайман. Ногиронман, 2 нафар фарзандим бор, турмуш ўртоғим ишламайди. 700 минг сўм пенсия билан қандай яшай?
Ушбу саволга Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузурида ташкил этилган штабдаги брифингда Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайбулла Примов жавоб берди.
- Йўқ, фақат Тошкент шаҳри учун эмас! Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан якка тартибдаги хайрия акциялари жорий йилнинг 1 апрелидан эътиборан вақтинча тўхтатилган.
Эндиликда хайрия акциялари марказлашган тартибда “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказ”лари орқали амалга оширилмоқда.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлимлари ҳокимликлар билан биргаликда жойлардаги эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатлами ҳақидаги маълумотни ҳудудий тегишлилиги бўйича Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига тақдим этади.
Марказлар ҳар бирининг алоҳида телефон рақамлари ҳам мавжуд. Тошкент вилояти марказининг телефон рақами: 99-693-07-77, 93-919-99-09.
Шунингдек, телеграм мессенжерида "Asl kuch birlikda" канали ҳам мавжуд.