Хитой болаларга смартфон ва интернетдан эркин фойдаланишни тақиқламоқда

Хитой вояга етмаганларнинг мобил қурилмалар ва интернетдан фойдаланишини тартибга солувчи янги қоидалар лойиҳасини тақдим этди. Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, ўсмирлар кунига икки соат смартфондан фойдаланиш билан чекланади. Бу ҳақда “Вести” хабар бермоқда.

Лойиҳага кўра, Хитойда вояга етмаганлар учун смартфон ва мобил интернетдан фойдаланиш вақти ва режимига чекловлар қўйилади. Шундай қилиб, 8 ёшгача бўлган болалар кунига 40 дақиқа, 8 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларга бир соат, 16 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўсмирларга эса кунига икки соатдан кўп бўлмаган вақт давомида смартфондан фойдаланишга рухсат этилади.

Ҳар ярим соатда фойдаланувчига танаффус қилиш зарурлигини қурилма эслатиши керак.

Шу билан бирга, соат 22:00 дан 06:00 гача вояга етмаганлар учун мобил интернетдан фойдаланиш ёпилади. Таълим дастурлари, шахсий хавфсизлик хизматлари, фавқулодда қўнғироқ ва сертификатланган ақлий ва жисмоний ривожланиш дастурлари бундан мустасно.

Қоидалар лойиҳаси Хитойнинг онлайн ўйинларнинг болалар ва ўсмирларга таъсирини чеклаш сиёсатининг давоми ҳисобланади. У 2023 йилнинг сентабригача муҳокама қилинади.